Бош саҳифаМева-сабзавот бозориЧакана савдо тармоқлари аудити2022 йилда Украина, Молдова, Грузия, Ўзбекистон ва Тожикистонда мева-сабзавот инфляцияси
ДолзарбМахсусЧакана савдо тармоқлари аудитиЯнгиликлар

2022 йилда Украина, Молдова, Грузия, Ўзбекистон ва Тожикистонда мева-сабзавот инфляцияси

EastFruit мутахассислари Украина, Ўзбекистон, Молдова, Грузия ва Тожикистоннинг йирик шаҳарларидаги супермаркетлар тармоғи мева-сабзавот бўлимларининг навбатдаги аудити маълумотларини қайта ишлашни якунлади.  Унинг натижалари чакана савдо тармоқлари аудити бўлимида эълон қилинган. Қайд этиш жоизки, маълумотлар 2022 йилнинг ноябрь ойи ўрталарига тааллуқли!

Аудитнинг бир қисми сифатида биз анъанавий равишда асосий позициялар нархларини тўплаймиз, яъни, сабзавот ва меваларнинг асосий турларини назарда тутмоқдамиз. Бу бизга йил давомида нархлар ўзгаришини номинал ўлчовда, шунингдек, маҳаллий валюталарда баҳолаш имконини беради.  Қулайлик учун биз ушбу кўрсаткични «мева-сабзавот инфляцияси» деб атаймиз. Аслида, бу унчалик тўғри бўлмаслиги мумкин, чунки, бизнинг услубимиз ва намунамиз миллий статистика органлари  қўллайдиган усуллардан буткул фарқ қилади. Бироқ,  рақамларимиз байрамолди даврда етарлича объектив вазиятни кўрсатмоқда (яъни, ноябрь ойининг ўрталарини назарда тутяпмиз).

Кўриб турганингиздек, Украина мева-сабзавот инфляцияси бўйича етакчи бўлди, бу ерда чакана нархлар ўсишига асосий сабаб миллий валютанинг йилига ўртача 35 фоиз девальвацияга учраганидир. Гривнада сабзавот ва меваларнинг асосий тўплами нархи йил давомида 47-48% га ошди.  Кўриб турганингиздек, мева-сабзавот инфляцияси 2022 йилнинг октябрь ойи якуни бўйича 26,6 фоизга баҳоланган расмий йиллик инфляция кўрсаткичларидан ошиб кетди.

Украина валютасининг қадрсизланишига Россия қўшинларининг ушбу мамлакатдаги жанговар ҳаракатлари асосий сабаб бўлди. Агар АҚШ долларида ифодаланган нарх индекси ҳақида гапирадиган бўлсак, у ҳолда нархларнинг ўсиши ўртача 12-13% ни ташкил этди. Дарвоқе, доллар инфляцияси индекси 2022 йилнинг октябрь ойида йиллик кўрсаткичда 7,7 фоизни ташкил этди.

Украинада сабзавот ва мевалар тўплами нархининг ошишига асосий сабаб, пиёз, сабзи, шунингдек, импорт қилинадиган сабзавот ва мевалар нархи кескин ошиши бўлди. Россия армияси томонидан тўсиб қўйилган портлар, Украинанинг қатор жанубий ҳудудларидаги ишлаб чиқариш ва суғориш тизимларининг вайрон этилиши — буларнинг бари маҳсулотлар нархи ошиши ва уларни етказиб бериш суръати пасайишига олиб келди. Қайд этиш жоизки, Украинада пиёзнинг чакана нархи туфайли бир йил давомида 2,5 баробар қимматлашган!

Молдова эса сабзавот ва меваларнинг асосий тўплами учун нархлар ўсиши суръатлари бўйича мамлакатлар орасида иккинчи ўринни эгаллади. Асосий омил — валюта қадрсизланиши, шунингдек, Украина портлари тўсиб қўйилганидир, зеро, бу ҳам импорт қилинадиган сабзавот ва меваларни етказиб беришнинг асосий усули эди. Қолаверса, Молдова Украинадан анъанавий равишда пиёз ва бошқа сабзавотларни импорт қилган. Бу мамлакатда пиёз йил давомида нархлар ўсиши бўйича етакчи бўлиб, деярли икки баробар қимматлашди.

Грузиядаги нархлар билан боғлиқ вазият қизиқарли,  ҳатто Россиянинг Украинадаги жанговар ҳаракатлари бу мамлакатга баъзи иқтисодий дивидендлар ҳам келтирди.  Украиналиклар ва Россия фуқароларининг йирик оқими маҳаллий валютани сезиларли даражада мустаҳкамлади.  Шунингдек, ички бозор ҳажми ҳамда товар ва хизматларга талаб ошишига олиб келди, бу эса нархлар ўсишини рағбатлантирди.  Натижада, сабзавот ва мевалар нархи миллий валютада 8 фоизга, долларда эса 22 фоизга ошди. Нархлар ўсиши бўйича етакчи позициялар — пиёз, иссиқхона сабзавотлари, мандарин ва лимон. Карам, хўраки узум ва олма нархи эса тушиб кетди.

Йил давомида Ўзбекистонда мева-сабзавот инфляцияси атиги 5 фоизни ташкил қилди, бунга кўп жиҳатдан савдо-сотиқни эркинлаштириш ва маҳаллий мева-сабзавот маҳсулотларини етиштириш даражасини яхшилаш ҳисобига эришилди, дейиш мумкин. Ўзбекистонда лимон, карам ва олма  кескин арзонлашди. Мева-сабзавот тўпламининг АҚШ долларидаги нархи йил давомида ўзгармади. Шу билан бирга, Ўзбекистонда сабзавот ва мевалар нархлари ҳали-ҳануз  юқори эканлигини қайд этиш жоиз, зеро, бу мамлакат мева-сабзавотларнинг йирик экспортёри ҳисобланади. Демак, мева-сабзавот маҳсулотларини етказиб беришнинг бутунбошли занжири ва чакана савдоси бўйича самарадорликни ошириш учун ҳали катта имкониятлар мавжуд.

Мева-сабзавот дефляцияси кузатилган ягона мамлакат Тожикистон бўлди. Йил давомида миллий валюта мустаҳкамланди, сабзавот ва мевалар нархи кўп ҳолларда пасайди. Шундай қилиб, йил давомида Душанбеда сабзавот ва мевалар асосий тўпламининг номинал қиймати 7 фоизга, Хўжандда эса 14 фоизга камайди. Мевалар ва иссиқхона сабзавотлари нархлари пасайган, аммо картошка ва борш тўплами сабзавотлари нархи, аксинча, кескин кўтарилган.  Аммо уларнинг саватдаги улуши унчалик катта эмас. Кўпгина мамлакатларда бўлгани каби нархларнинг энг кескин ўсиши пиёз ва сабзи бўйича кузатилди.

Шу билан бирга, Тожикистонда ҳам мева-сабзавотларнинг чакана нархлари юқори. Бунга қисман мамлакатнинг ташқи бозорлардан узоқда жойлашганлиги, айрим қўшни давлатлар билан у қадар дўстона муносабатда эмаслиги, импорт ва экспорт бошқарувининг шаффоф эмаслиги туфайли халқаро савдодаги қийинчиликлар сабаб бўлмоқда. Қисман биринчи муаммодан келиб чиқадиган яна бир масала — бу Тожикистонда маҳаллий маҳсулот етиштириш, сақлаш ва тарқатиш бўйича ички тизимнинг самарасизлигидир.

EastFruit

Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.

Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!

Бу сизга ҳам қизиқ бўлиши мумкин

Ўзбекистондан пиёз экспорти вақтинчалик чекланди

EastFruit

Пиёз — сабзавотлар нархи ўсиши бўйича мутлақ етакчи

EastFruit

Вьетнамда олтин қуймаси шаклидаги тарвузлар 65 доллардан сотилмоқда

EastFruit

Шарҳлар қолдиришингиз мумкин