Бош саҳифаМева-сабзавот бозориБозорлар шарҳиОлхўри – Украина, Молдова, Польша ва Россия бозорларидаги нарх ҳамда вазият таҳлили
Бозорлар шарҳи Долзарб Махсус Янгиликлар

Олхўри – Украина, Молдова, Польша ва Россия бозорларидаги нарх ҳамда вазият таҳлили

EastFruit таҳлилчиларининг маълумотларига қараганда, Шарқий Европадаги энг йирик олхўри етиштирувчи мамлакатларнинг кўпчилиги ҳозирда маҳсулотни бир йил аввалгидан арзонроқ нархда сотишмоқда. Бироқ бу нархлардан ҳамма норози, дегани эмас. Қолаверса, вазият ҳар бир мамлакатда турлича. Агар Украинада боғбонлар учун бу сафарги олхўри мавсуми сўнгги йиллардаги энг ёмони бўлса, бошқа мамлакатларда энг яхшиси бўлиб турибди.

ЕИдаги олхўри етиштирувчи энг асосий мамлакатларда 2020 йил баҳордаги об-ҳаво шароитларини, шунингдек, 2020 йилдаги рекорд даражада юқори нархларни ҳисобга олиб, бозор иштирокчилари 2021 йилда нархлар ўтган йилгидан паст бўлмайди, деб умид қилишганди. Аммо бугунги кунда фақатгина Россияда олхўрининг ўртача улгуржи нархи ўтган йилги даражага тахминан мос келмоқда. Молдова, Польша ва Украинада эса унинг нархлари 2021 йилдагидан паст.

Украинада олхўрининг улгуржи нархлари энг кўп – бир ярим бараварга пасайиб кетди. Ўтган йили у анча қиммат сотилганди. Чунки ҳосилнинг анчагина қисми аёз туфайли нобуд бўлган эди. Европа Иттифоқида ушбу мевага талаб етарлича бўлганлиги боис Украинадаги олхўри майдонлари кенгайиб бораётганлиги туфайли Украинада 2021 йилда олхўри ҳосили кескин кўпайиб, нархни тушириб юборди.

Ҳозир Украинада олхўри нархлари сўнгги икки ҳафта давомида бироз ўсган бўлса-да, тарихан энг қуйи даражада қолмоқда. Икки ҳафта аввал нархлар $0,22/кг гача пасайди, ҳозирда $0,26/кг атрофида бўлиб турибди. Сўнгги тўрт йил ичида бунчалик паст нарх кузатилмаган эди.

Украина боғбонлари учун Молдова фермерларидан фарқли ўлароқ, олхўри ҳалигача бизнеснинг қўшимча йўналиши ҳисобланади. Шу сабабдан, Украинада етиштириш технологиялари ҳам, қайта ишлаш ва узоқ муддат сақлаш технологиялари ҳам Молдовадагичалик ривожланмаган. Савдо алоқалари ва экспорт тажрибаси ҳақида-ку гапирмаса ҳам бўлаверади. Ишлаб чиқариш ҳажмларининг ўсиши баробарида ўтган йилларга нисбатан нархларнинг бу қадар пастга шўнғишига асосий сабаб ҳам шу.

Дарвоқе, ҳозир олхўрини Украинада Молдовага қараганда анча арзон нархларда сотиб олиш мумкин. Бироқ, импортёрлар томонидан жудаям кучли талаб кўринмаяпти. Чунки украин етказиб берувчилари ўз маҳсулотларини ЕИ мамлакатларида илгари суриш борасида фаол эмаслар.

Молдовада вазият Украинадагидан кўра анча яхши. Бу ерда экспорт ҳам, қайта ишлаш ҳам кучли ривожланган. Шу сабабдан, Молдовадаги олхўри нархлари фақат ўтган ҳафтадагина илк бор ўтган йилдаги кўрсаткичлардан паст бўлди. Бунгача етиштирувчилар нархлардан анча хурсанд эдилар. Боиси у ҳақиқатан 2020 йилги даражадан юқорида бўлиб турганди. Аммо мана иккинчи ҳафтадирки, нархлар тезлик билан пасаймоқда. Ҳолбуки, одатда бундай пайтда нархларнинг мавсумий ошиши кузатиларди. Эҳтимолки, мазкур ҳолат учта сабаб билан изоҳланади. Биринчидан, 2021 йилда олхўрини йиғиб-териб олиш мавсуми икки ҳафтага кечикди. Шунинг учун таклиф энг кўп бўлган пайт сентябрь бошига эмас, балки ўрталарига тўғри келди.  Иккинчидан, Молдовада олхўри ҳосили ўтган йилгидан паст бўлмаслиги аниқ бўлиб қолди. Ҳатто ундан кўп бўлиши ҳам мумкин. Бу эса кутилмаган эди. Учинчидан, ёмғирлар туфайли олхўри сифати пасайган. Натижада ҳосилнинг каттагина қисмини қайта ишловчи корхоналарга сотишга тўғри келмоқда. Тўғри, қайта ишловчилар таклиф қилаётган нархлар нисбатан баланд. Шу боисдан, фермерлар сақлаш харажатларини тежашга ва муаммоли олхўридан тезроқ халос бўлишга қарши эмаслар.

Эслатиб ўтамиз, Молдова Шарқий Европадаги энг йирик олхўри экспортёри бўлиб, ҳар йили ушбу маҳсулотдан 45-50 минг тоннасини экспортга чиқаради. Бундан ташқари, Молдова дунёдаги янги узилган олхўри мевасини экспорт қилувчи энг йирик мамлакатлар бешталигига киради ва сўнгги йилларда Европа Иттифоқи мамлакатларига экспортни йўлга қўйишда фаоллик кўрсатмоқда.

Польшада олхўри нархлари билан боғлиқ вазият худди Молдовадагидек бўлиб турибди. Ишлаб чиқарувчилар, умуман олганда, нархлардан рози. Фақат ўтган ҳафтагина у 2020 йилги даражадан пастга тушди. Айни пайтда нархларнинг умумий даражаси Молдовадаги олхўри нархларидан бир ярим баравар, Украинадагидан эса икки баравар қиммат бўлиб турибди. Дарвоқе, Польша олхўрини Молдовага қараганда 6-8 баравар кам – йилига 6 минг тонна атрофида экспорт қилади.

Украинага келсак, у ўртача 300 тонна олхўри экспорт қилмоқда. Кўплаб ижобий омиллар бир вақтда юз берган 2017 йилдагина 8 минг тонна мева экспорт қилинган эди. Аммо бу шундан далолат берадики, Украинада янги олхўрини экспорт қилиш, шунингдек, кейинчалик қайта ишлаш мақсадида олхўри етиштириш бўйича ҳали ишга солинмаган каттагина салоҳият мавжуд. Бундан ташқари, Молдова тажрибасидан кўриниб турибдики, олхўрини янги йил байрамларигача, ҳатто ундан ҳам узоқроқ муддат сақлаб туриш мумкин. Украинанинг улкан ички бозорини инобатга олсак, олхўрини узоқ муддат сақловга қўйиш ва мавсумдан ташқари вақтда сотиш ишлаб чиқарувчиларга яхшигина даромад олиб келиши мумкин.

Россия эса, аксинча, дунёнинг энг йирик олхўри импортёри ҳисобланади ва йилига 80 минг тонна ушбу мевани асосан Молдова, Туркия ва Ўзбекистондан сотиб олади. Қолаверса, кейинги йилларда Грузия, Эрон ва Озарбайжон сингари мамлакатлар ҳам Россияга олхўри етказиб бериш ҳажмларини ошириб бормоқда.  Сербия эса РФга олхўри экспортини камайтиряпти.

Табиийки, Россияда олхўри нархлари минтақадаги энг қиммат ҳисобланади. Бинобарин, агар мамлакат дунё миқёсидаги импортёр бўлса доим шундай бўлган ва шундай бўлиб қолади. РФда олхўри нархлари ушбу мавсумда одатдагидан пастроқ бўлди. Шу боисдан боғбонлар бу йилги мавсумдан у қадар хурсанд эмас. Бироқ нархлар нисбатан баланд эканлигини ҳисобга олсак, Россияда олхўри – бу даромадли бизнесдир.

Шуни қайд этиш жоизки, олхўрини маҳаллий етиштириш ҳажмлари ортиб бормоқда. Демак, ҳар бир янги мавсум нархларни бошқа мамлакатлар билан тенглаштириб, Молдовадан Россия бозорларига етказиб беришнинг даромадлилигини пасайтириб бориши турган гап. Айниқса, РФ минтақаларида олхўри йиғиб-териб олиш ва сотиш фаол паллага кирган пайтларда.

EastFruit

Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.

Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!

Бу сизга ҳам қизиқ бўлиши мумкин

Молдовада рақамли агрокутубхона иш бошлади

EastFruit

Туркия бу йил 200 миллион долларлик хўраки узум экспортини режалаштирмоқда

EastFruit

Ўзбекистонда хандон писта йиғим-терими якунланмоқда, аммо ҳосилнинг чўғи кам

EastFruit

Шарҳлар қолдиришингиз мумкин