Бош саҳифаМева-сабзавот бизнесиТехнологияларВертикал фермаларга ритейлерларнинг қизиқиши ортиб, дўкон учун мўлжалланган моделларга талаб кучаймоқда
Долзарб Махсус Технологиялар Янгиликлар

Вертикал фермаларга ритейлерларнинг қизиқиши ортиб, дўкон учун мўлжалланган моделларга талаб кучаймоқда

Шаҳар вертикал фермаларида етиштирилган кўкатлар супермаркетларда сотилаётгани истеъмолчилар учун янгилик бўлмаса-да, уларнинг дўконларда таклиф этилиши пандемиядан кейин янада ортди. Бундан ташқари, бугунги кунда ритейлерлар нафақат вертикал фермер хўжаликларининг кўкатларини сотяпти, балки, вертикал агробизнесга тўғридан-тўғри сармоя киритиш ёки супермаркетларнинг ўзида кичик вертикал фермер хўжаликларини юритиш орқали ушбу бизнес ривожига ҳисса қўшмоқда.

EastFruit таҳлилчиларининг қайд этишича, 2021 йил агротехнологик компаниялар учун маблағ жалб этиш бўйича рекорд йил бўлди. CrunchBase маълумотларига кўра, компаниялар 440 битим орқали 5,5 миллиард доллар жалб қилган, шундан 70 таси вертикал фермер хўжаликлари стартаплари бўлиб, уларга 1,5 миллиард доллар сармоя киритган. Мутахассислар 2021 йилда агротехнологик компанияларга инвесторларнинг қизиқиши ортиши сабабларидан бири сифатида истеъмолчилар хатти-ҳаракатидаги ўзгаришларни тилга олишди. Зеро, бугунги кунда соғлом овқатланиш тамойилларига амал қилувчи ва сархил маҳсулотлар харид қилишни хоҳловчи истеъмолчилар бунинг учун бир неча доллар қўшимча пул тўлашга тайёрдир.

Ритейлерлар истеъмолчиларга вертикал фермер хўжаликлари маҳсулотларини таклиф қилиш учун турли хил бизнес-моделлардан фойдаланяпти.

Улар истеъмолчиларга маҳаллий шаҳар фермаларидан олиб келинган маҳсулотларни таклиф қилмоқда.

Энг кенг тарқалган модел – йирик шаҳар вертикал фермер хўжаликларида етиштирилиб қадоқланган ва брендланган кўкатларни кейинчалик ҳам етказиб бериш таклифи билан сотишдир. Аеrofarm, Bovery Farm Фарм ёки Infarm каби қиймати 1 миллиард доллардан зиёд  компаниялар ўз маҳсулотларининг аксарият қисмини шундай сотади.

Aerofarm АҚШдаги Stop & Shop, Wаlmart, Whole Foods Мarket, Аmazon Fresh ва FreshDirect интернет-дўконларини ўз ичига олган йирик чакана савдо тармоқларини таъминлайди. 2021 йилда компания Whole Foods, FreshDirect, Аmazon Fresh ва Wаlmartга маҳсулот етказиб бериш ҳажмини оширди.

Bowery Farming ҳам 2021 йилда чакана савдо ҳажмини оширди.  Компания АҚШнинг 800 дан ортиқ етакчи ритейлерларига маҳсулот етказиб берди ва 2021 йилда у Аlbertsons Companies билан АҚШнинг шимоли-шарқий ва ўртаатлантик минтақаларидаги Safeway ва Аcme дўконлари (275 та)га маҳсулот етказиб бериш бўйича ҳамкорликни йўлга қўйди.

Infarm бутун жаҳон бўйлаб 30 дан зиёд сотувчиларга хизмат кўрсатади. Аmazon Fresh, Edeka, Маrks & Spenser, Меtro, Cаrrefour ва Мigros кабилар шулар жумласидандир. 2021 йили компания Канаданинг Sobeys компанияси билан 2023 йилгача бутун Канада бўйлаб 1000 та дўконни таъминлаш учун ҳамкорлик алоқаларини ўрнатди.

Ритейлерлар нафақат маҳсулотларни сотади, балки вертикал фермер хўжаликларига бевосита сармоя ҳам киритади.  Wаlmart ва Plenty ўртасидаги сўнгги келишув инвесторларнинг келгусида ушбу соҳага сармоя киритишга бўлган ишончини ошириши билан аҳамиятлидир. Битимнинг аниқ қиймати ошкор этилмаяпти, бироқ, Wаlmart Plentyнинг 400 миллион долларлик молиялаштирув раундида иштирок этди. 2022 йил охирида Wаlmart  Калифорниядаги 250 та дўконида Plentyнинг баргли кўкатларини сотишни режалаштирмоқда.

Wаlmartнинг вертикал деҳқончиликка сармоя киритишдаги асосий далилларидан бири 2040 йилга бориб, глобал операциялардан ноль эмиссияга эришиш мақсадини ҳисобга олган ҳолда маҳсулот етиштиришнинг экологик барқарорлиги бўлди. Яна бир далил – истеъмолчиларга энг янги маҳсулотларни энг яхши нархда етказиб беришдир.

Plentyнинг бош директори Арама Кукутай битим ҳақида шундай дейди: “Бу бизга, биз ҳақимизда ўтмишда айтилганидек, юқори нарх сегментида кўкатлар етказиб берувчи бўлибгина қолмай, ҳақиқатан ҳам кенгайиш имкониятини беради. Гап фақат юқори сифатли органик кўкатлар ҳақида кетмаяпти. Аксинча, истеъмолчилар орасига янада демократик ва кенгроқ нархлар асосида кириб бориш ҳақида сўз юритилмоқда.

Кичик модулли фермалар

Ритейлерлар дўконларда ҳам кичик модулли фермалар яратиш учун вертикал фермерлик компаниялари билан ҳамкорлик қилмоқда.  Одатда, бу фермер хўжаликлари чакана сотувчига эмас, балки, технология етказиб берувчининг ўзига тегишлидир.

Infarm йирик фермалар қурилишидан ташқари, Мarks and Spencers, Whole Food Маrkets, Sobeys, Кroger, Аmazon Fresh, Тhrifty Foods, Irma, EDEKA, Migros ва Саммит (Япония) каби етакчи чакана тармоқлар учун модулли вертикал фермер хўжалиги (дўкон ичидаги)нинг йирик етказиб берувчиларидан бири ҳамдир. Компания бутун жаҳон бўйлаб дўконлардаги 1400 дан ортиқ вертикал фермаларни бошқаради.

Infarmнинг сўнгги гидропон вертикал фермасидаги ҳар бир модул икки квадрат метрни эгаллайди ва ойига 760 ўсимлик/бош кўкат ўстириш мумкин. Infarm дўкондаги модулли фермаларни ҳар бир босқичда, жумладан, ускунани ўрнатиш, маҳсулот етиштириш, йиғим-терим ва техник хизмат кўрсатиш жараёнида бошқаради. Ушбу фермалар модулли фермаларнинг Infarm булутли тармоғидан олинган маълумотлар таҳлили асосида бошқарилади.

Vertical Field – хизмат сифатида вертикал фермер хўжаликлари сотадиган яна бир компания, лекин, компания технологияси Infarmдан фарқлидир.    Vertical Field кўкатларни модулли қаторлардан фойдаланган ҳолда вертикал равишда ўстиради. Компания бизнес-модели супермаркет ёнида яшил деворли контейнер фермалар ўрнатишдир. Технология модулли, яъни, мижоз уни исталган деворга ва бинонинг ичига жойлаштириши мумкин.  Фирманинг агрономик ва техник бошқарувини  Vertical Field амалга оширади ва хўжаликдаги операцияларни агрономлар – компаниянинг маҳаллий ҳамкорлари таъминлайди.  2021 йилда компания Украинанинг 25 шаҳрида 95 савдо нуқтасига эга «Varus Украина» чакана тармоғи билан ҳамкорликни эълон қилди.

Дўконларга вертикал фермаларни жойлаштириш энг янги маҳсулотларни истеъмолчи кўз олдида олдида йиғиб-териб олишни таъминлайди. Бу супермаркетларга сотиб олаётган маҳсулотининг келиб чиқишини билолмай қайғураётган мижозларни жалб қилишда ёрдам беради. Бундай мижозлар, ўрта ҳисобда одатдагидан бир неча баробар кўп пул сарфлайди. Бошқа томондан, дўконлардаги модулли фермалар етказиб берувчиларга ўз технологияларини тақдим этиш ва маҳсулот етиштиришни кенгайтириш учун инвестициялар жалб қилишда ёрдам беради.

Ҳар икки томон учун ҳам ижобий жиҳатлар борлигига қарамай, танқидчилар дўкон ичидаги фермалар етарли миқдорда озиқ-овқат етказиб бера оладими ёки бу истеъмолчи учун шунчаки «озиқ-овқат театри»ми, деган саволни ўртага ташламоқда. Яна бир масала, модулли вертикал хўжаликларни жойида бошқариш билан боғлиқ.  Ҳатто масофадан бошқарувда ҳам ритейлерлар фермани жойида бошқариш учун махсус ўқитилган ходимларни тайинлашлари керак, акс ҳолда «озиқ-овқат театри» истеъмолчилар учун у қадар жозибали кўринмаслиги мумкин.

EastFruit

Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.

Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!

Бу сизга ҳам қизиқ бўлиши мумкин

Марказий Осиёнинг ёзги иссиқ иқлимида иссиқхонани қандай совутиш керак (видео)?

EastFruit

Микрокўкатлар микробизнеси: Грузия ва Арманистондаги оилавий бизнесдан қўшимча даромад олиш имконияти

EastFruit

Ҳар бутадан 12 доллар даромад – Тожикистонда қулупнай етиштириш тажрибаси (видео)

EastFruit

Шарҳлар қолдиришингиз мумкин