Бош саҳифаМева-сабзавот бизнесиТехнологияларҚуёш энергияси боғдорчилик соҳасидаги «ўйин қоидалари»ни ўзгартирмоқда!
ДолзарбМахсусТехнологияларЯнгиликлар

Қуёш энергияси боғдорчилик соҳасидаги «ўйин қоидалари»ни ўзгартирмоқда!

Иброний университети (Hebrew University) тадқиқотчилари яратган «Шаффоф» номли қуёш батареялари ўсимликларга фақат керакли миқдордаги ёруғликни ўтказиб беради, қуёш нурининг қолган қисми эса электр энергиясига айланади ва уни бошқа мақсадларда қўллаш мумкин.

Жаҳонда энергия, унинг нархи, атроф-муҳитга таъсири ва тежамкорлик масаласи тобора долзарб аҳамиятга эга бўлиб бораётган экан, яшил қуёш технологиясини ишлаб чиққан Қуддус университети тадқиқотчилари бу қишлоқ хўжалиги соҳасида «ўйин қоидаларини ўзгартириши»ни айтишмоқда.

Янги қуёш элементларининг ихтирочилари — университетнинг қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат ва атроф-муҳит факультети профессори Хаим Рабинович ва Кимё институти профессори Лиоз Этгарнинг айтишича, янги усул Исроилда энергия нархини 75 фоизга камайтиради ва ундан бутун сайёрада фойдаланиш мумкин.

EastFruit хабарига кўра, янги ишлаб чиқилган қуёш элементлари анъанавий кремний ўрнига перовскит кристалларидан тайёрланган бўлиб, бу «арзон ва ҳамёнбоп материаллар қўлланадиган  нисбатан оддий жараён» сифатида тавсифланади.

Панеллар шаффоф бўлишини таъминлаш мақсадида уларга ишлов берилади. Бу фотосинтез  учун зарур ёруғликни таъминлашда керакдир. Ва бир вақтнинг ўзида ўсимликлар фойдаланмайдиган ёруғликдан яшил электр энергияси ишлаб чиқарилади.

Шаффоф қизил квадрат — бу янги яратилган қуёш элементи бўлиб, у ёруғлик ўсимликларга кириб, ортиқча энергияни электр энергияси сифатида ишлатиш учун сақлашга имкон беради (Сурат муаллифи — профессор Лиоз Этгар).

«Кўп йиллар давомида қишлоқ хўжалиги иссиқхоналарида ёруғлик энергиясининг катта қисми исроф бўлаётган эди, чунки ўсимликлар қуёш нури энергиясининг фақат бир қисмини ишлатади, қолган қисми эса атмосферага қайтади», дейди профессор Этгар. «Бизнинг ишланма қишлоқ хўжалиги ерларида қуёш энергияси ишлаб чиқаришни 300% гача оширади».

Этгарнинг Тhe Media Line нашрига айтишича, у кремний металлоидидан анча экологик тоза минерал ҳисобланадиган перовскит билан ўн йилдан кўпроқ вақт давомида ишламоқда.

«Мен кремний билан ишлашни хаёлимга ҳам келтирмагандим», дейди у.

Профессор Рабиновичнинг сўзларига кўра, яримшаффоф материалдан фойдаланиш янги қуёш элементлари берадиган электр энергиясини сақлашнинг калитидир.

«Ўсимликлар фотосинтез учун барча ёруғлик энергиясининг атиги 10 фоизини талаб қилади, қолганлари эса иссиқлик шаклида сарф бўлади», дейди у. «Бу энергияни электр энергияси ишлаб чиқариш учун қўллашим мумкин-ку! Аммо биз кремний билан буни амалга  ошира олмаймиз, чунки  кремнийни яримшаффоф ҳолатга келтира олмаймиз, шу боис, биз ҳужайрада фотосинтез учун кераклисидан ташқари барча ёруғликни ўзлаштириши учун дарча очиб қўйдик».

Бу ортиқча энергия энди иссиқхоналарда кенг тарқалган иссиқликка айланмайди (аслида ҳам, ўсимликлар ўсиши учун юқори ҳароратга муҳтож эмас) ва экинлар ўсиши учун янада идеал шароит юзага келади.

«Ўсимликлар «совуққон», шунинг учун 15 дан 25 даражагача ҳарорат оптимал ҳисобланади», дейди Рабинович. «Улар, аслида, иссиқ шароитда омон қолиш учун ҳароратни пасайтиришга бор кучи билан ҳаракат қилади».

Панеллар шаффофлиги туфайли қишлоқ хўжалигида фойдаланиладиган ерлар, масалан, дала ва иссиқхоналарни бутунлай қоплаб олиши мумкин. Бунда у ўсимликларнинг пастки қисмини қоронғулик билан тўсиб қўймайди, табиий яшаш муҳитини бузмайди ёки атроф-муҳитга зарар етказмайди.

Этгарнинг қайд этишича, инновацион панеллар ҳатто электр энергияси ишлаб чиқаришнинг устувор аҳамиятга эга бўлишини таъминлаши мумкин ва табиийки, шундай бўлгач, улардан қишлоқ хўжалигидан ташқари самарали фойдаланиш мумкин.

Рабиновичнинг фикрича, бу технология аҳоли сув ва электр қуввати танқислигидан азият чекаётган, лекин қуёш нури мўл бўлган мамлакатлар ҳаётини тубдан ўзгартириб юборади.

«Улар қуёш энергиясидан фойдаланган ҳолда сувни чучуклаштириши мумкин», дейди олим.  «Сахара чўлини ўйлаб кўринг, у ерда, аслида, шўр сув океани бор. Агар сиз ушбу ускуна ёрдамида фермер хўжалиги қура олсангиз, ер ости сувларидан шўр сувни насос билан чиқариб, уни чучуклаштиришингиз ва  ҳосил етиштириш учун ишлатишингиз, шунингдек, ўзингизга керакли электр энергиясини ишлаб чиқаришингиз мумкин».

«Бу янги технология чўлни жаннатга айлантириши шунчаки қуруқ сўз эмас», дейди Рабинович.

EastFruit

Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.

Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!

Бу сизга ҳам қизиқ бўлиши мумкин

Покистон электр энергияси тарифларидаги ўзгаришлар туфайли мева-сабзавот инқирозига дуч келиши мумкин

EastFruit

Исроилнинг «Orri» мандаринлари кундан-кунга талабгир бўлиб бормоқда

EastFruit

Ўзбекистонда 2022 йили иссиқхона помидорларини етиштириш ҳажми 26 фоизга ошди

EastFruit

Шарҳлар қолдиришингиз мумкин