Бош саҳифаМева-сабзавот бизнесиТехнологияларГрузиядаги «Анигози» компаниясининг ёнғоқни қайта ишлаш заводи фаолияти билан яқиндан танишамиз (видео)
Бизнес тарихи Видео Долзарб Махсус Технологиялар

Грузиядаги «Анигози» компаниясининг ёнғоқни қайта ишлаш заводи фаолияти билан яқиндан танишамиз (видео)

EastFruit мутахассислари ёнғоқ етиштиришда унга замонавий услубда ишлов бермаслик қатор муаммоларга олиб келишини бир неча бор таъкидлашган. Замонавий ёнғоқзорлар майдонини фаоллик билан кенгайтираётган Грузия буни аллақачон тушуниб етган ва ёнғоқни қайта ишлашга кўплаб сармоялар киритмоқда. Биздаги маълумотларга кўра, айни дамда Грузияда ёнғоқни қуритиш ва бўлаклаш бўйича учта йирик корхона фаолият кўрсатяпти, уларнинг умумий қуввати соатига 14 тонна ёнғоқни қайта ишлашга етади.

Улардан бири, ёнғоқни қайта ишлашга мўлжалланган замонавий завод яқиндагина – 2021/22 йилги мавсумда иш бошлади. Анна Кевхишвили «Анигози» компаниясининг ҳаммуассиси ва директори. У ўз заводини ёнғоқ йиғим-терими вақтида қуриб битказиб, ишга туширди. “Анигози” муассислари бизга ушбу корхона фаолияти билан танишиш имконини яратиб беришди. Қолаверса, заводда қандай ускуналар қай тарзда ишлайди, ёнғоқ заводга олиб кирилгач, истеъмолчига етиб боргунига қадар қайси босқичлардан ўтади – буларнинг барини батафсил айтиб беришди ва кўрсатишди ҳам.

Корхона фаолияти ҳақидаги мастер-класс видеосини қуйида кўриш мумкин. Матн тавсифи учун қуйидаги видеони кўринг.

EastFruit илгари ёзганидек, «Анигози»нинг Телави минтақаси (Шарқий Грузия)да «Чандлер» навли грек ёнғоғи етиштириладиган боғи бор.

2020 йилги йиғим-теримдан кейин ёнғоқнинг биринчи ҳосили олингач, уни саноат усулида қайта ишламай туриб, экиш ишларини кенгайтиришнинг маъноси йўқлиги аён бўлди. 2020 йили Грузияда фақат биттагина ёнғоқни қайта ишлаш заводи фаолият юритди, унинг иш жараёни билан бу ерда танишиш мумкин. Бундан ташқари, қайта ишлаш ва сақлаш корхоналарини қўшма молиялаштириш бўйича давлат дастури, шунингдек, Европа тикланиш ва тараққиёт банки ҳамда Европа Иттифоқи дастури кўмагида лойиҳани молиялаштириш учун тегишли тузилма яратиш, грант ёрдамида асбоб-ускуналар харажатларини қисман қоплаш мумкин бўлди.

«Анигози» компаниясининг ёнғоқни қайта ишлаш заводи Тбилисидан 30 км узоқликда, Лило яқинида жойлашган. У ўз хомашёси асосида ишлашга мўлжалланган, шунингдек, ёнғоқни фермерлардан қайта ишлаш учун маҳсулот қабул қилади. Аммо, бу йил ёнғоқ ҳосилини йиғиб олиш вақтида кучли ёғингарчилик бўлгани учун фермерларнинг аксарияти ёнғоқни йиғиб олгач, табиий равишда қуритишга ҳаракат қилгани туфайли сифат анча ёмонлашган. Маълумки, кучли ёғингарчилик ва юқори намликда замбуруғ жуда тез ривожланади ва ёнғоқ йиғиб олингач, 72-80 соатдан кечиктирмай, махсус ускуналар ёрдамида уни қуритиб олиш керак.

Анна Кевхишвилининг сўзларига кўра, ёнғоқ боғининг майдони қанчалик катта бўлса, мева сифати шунчалик юқори бўлади. У буни йирик сармоядорлар боғни парваришлаши ва тажрибали агрономларнинг маслаҳатлари учун пулни аямаслиги билан изоҳлайди.

«Анигози» заводида француз ускуналарини ишлаб чиқарувчи АМВ Roussetнинг  ювиш, қуритиш ва калибрлаш линияси мавжуд. Европа типидаги ускунанинг афзаллиги унда алоҳида бункерлар мавжудлиги бўлиб, ҳатто турли етказиб берувчилардан ёки турли боғлардан келадиган ёнғоқларнинг кичик партияларини ҳам алоҳида  қуритиш имкони бор. Қуритгич бир кунда 18 тонна пўстлоқли ёнғоқни қайта ишлаши мумкин.

Ёнғоқнинг намлигини 8% га етказиш учун максимал 3 сутка керак бўлади. Ёнғоқни қайта ишлашнинг ушбу босқичи ҳатто ишлаб чиқарувчи келажакда уни пўстлоғи билан сотмоқчи бўлса ҳам сифатини сақлаб қолиш учун мутлақ заруратдир. Чунки, табиий усул билан маҳсулотнинг ҳаммасини бир хил даражада қуритиш ва жараённи назорат қилиш имконсиз. Ёнғоқ тўлиқ қуритилмагани сабабли намлик юқори бўлиши сақлаш вақтида сифат  бузилишига олиб келади. Лекин ортиқча қуритиш ҳам  сифатга салбий таъсир кўрсатади ва ёнғоқнинг оғирлиги камайиб, бу орқали фермернинг даромади ҳам пасаяди.

Қиймат занжиридаги энг катта қиймат ёнғоқни бўлаклаш жараёнига тўғри келади. Айниқса, грек ёнғоғида «капалак» деб аталмиш, мағизнинг ярми қимматлидир. Ва бундай маҳсулотни саноат миқёсида етиштириш учун бўлаклаш жараёнидан аввал пўстлоқли ёнғоқни имкон қадар  аниқроқ калибрлаш керак.

Шунинг учун қуритилгач,  ёнғоқни қайта ишлашнинг кейинги босқичи уни калибрлашдир. Ушбу компанияда грек ёнғоғи етти ўлчамда – 28 дан 38 + миллиметргача калибрланади. Корхонада ёнғоқни калибрлаш тезлиги соатига бир тоннани ташкил этади. Кейин қуритилган ва калибрланган пўстлоқли ёнғоқни бир йилгача сақлаш мумкин ва буюртмаларга қараб, унинг бўлаклангани ишлаб чиқарилади.

«Анигози» раҳбарияти бўлаклаш линиясини ўрнатиш учун АКY Теchnology компаниясини танлади. У нарх ва сифатнинг энг яхши уйғунлигини, шунингдек, линия учун савдодан кейинги хизматни таклиф қилади. Бошқа ишлаб чиқарувчиларнинг ҳам компания ҳақидаги фикрлари ижобий бўлди. Корхонада ўрнатилган ёнғоқ бўлаклаш линиясининг қуввати соатига 800-1000 кгни ташкил этади. Шундай қилиб, битта юк машинасини тўлдириш учун заводга фақат икки кун керак. Гарчи, ускуналар пўстлоқни мағиздан самарали ажратса-да, охирги босқичда ёнғоқ қўлда сараланади. Қўлда саралаш линиясида 12 кишигача ишлаши мумкин. Ёнғоқнинг ярим палласини олиш 80-85%ни ташкил қилади. Юқори сифатни максимал даражада сақлаш учун мағиз азотли вакуум-халтага ўралади. Халтанинг оғирлиги харидор хоҳишига қараб, 4 кгдан 15 кг гача бўлиши мумкин.

«Анигози» мижозларига 100% ёнғоқнинг ярим палласи, 80% капалак ва 20% ярим палла ҳамда чорак палла, 100% бўлак ҳамда ярим палла (бу маҳсулотни, асосан, ресторанлар, шоколад ишлаб чиқарувчилар харид қилади), шунингдек, кейинги қайта ишлаш учун 100% тўқ рангли мағизларни таклиф қилади. Корхонада ёнғоқни сотиш нархлари ҳозирги пайтда кг учун 7 дан 10 долларгачадир.

Корхона бир мавсумда 500 тоннагача ёнғоқни қайта ишлаш имкониятига эга. Айни пайтда «Анигози» бозорга 100 тоннага яқин қайта ишланган ёнғоқни таклиф қила олади.

EastFruit жамоаси «Анигози» компаниясига ёнғоқни қайта ишлашнинг энг замонавий технологиялари билан яқиндан танишиш имкониятини яратиб бергани учун миннатдорлик билдиради!

Компания билан боғланиш: тел: +995 592 700 010 (WhatsApp, Viber), [email protected]

Гардабани муниципалитети, Марткопи қишлоғи

EastFruit

Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.

Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!

Бу сизга ҳам қизиқ бўлиши мумкин

Carrеfour ва FinExCoop Georgia ташаббуси билан Тбилиси (Грузия)да Картошка фестивали ўтказилди (фото)

EastFruit

Грузиялик тадбиркор: «Жаҳон бозорида заъфароннинг оддий тури кўп, аммо органик заъфарон юксак қадрланади ва жуда талабгир»

EastFruit

Молдованинг Lolly Berry компанияси нишали резаворларни муваффақиятли етиштирмоқда

EastFruit

Шарҳлар қолдиришингиз мумкин