Бош саҳифаМева-сабзавот бизнесиТехнологияларФертигация – иссиқхона ўсимликларини томчилатиб суғориш ва озиқлантиришни автоматлаштириш қандай амалга оширилади (видео)?
Видео Долзарб Махсус Технологиялар Янгиликлар

Фертигация – иссиқхона ўсимликларини томчилатиб суғориш ва озиқлантиришни автоматлаштириш қандай амалга оширилади (видео)?

EastFruit экспертларининг қайд этишича, Марказий Осиёдаги кўплаб боғбонлар ҳамда сабзавот етиштирувчи фермерлар томчилатиб суғоришни анча харажатли инновация ҳисоблашади ва кўпчилик унинг асосий афзаллиги сувни тежашгина эмас, балки ўсимликларни идеал даражада озиқлантириш ҳам эканлигини тушунмайди. Маълумки, томчилатиб суғориш орқали ўғитларнинг умумий сарфини камайтирган ҳолда юқори сифат ва ҳосилдорликка эришиш мумкин.

Бироқ, юқори сифатли озиқлантириш тизими ёки фертигациянинг бошқарув тизимини ташкиллаштириш муайян билимларни талаб қилади. Самарали фертигация, айниқса, сабзавот, мева ёки резаворларни ёпиқ муҳитда, яъни, иссиқхонада етиштирадиганлар учун муҳимдир.

“Ҳариф” МЧЖ асосчиси, EastFruit, ФАО ва ЕТТБ лойиҳаси бўйича кўп йиллик маслаҳатчи Бахтиёр Абдувоҳидов Тожикистондаги иссиқхонада  қулупнай фертигацияси (яъни, суғориш ва озиқлантириш) бўйича биринчи автоматлаштирилган бошқарув тизимларидан бирини яратди. Ушбу тизим  Wi-Fi ёрдамида масофадан туриб бошқарилиши мумкин. Шу билан бирга, Бахтиёр бу борадаги тажриба ва билимларини кўпчилик билан бажонудил ўртоқлашмоқда.

Қуйида “Ҳариф” МЧЖда озиқлантириш тизими қандай тузилганлиги ҳақидаги видеони томоша қилишингиз мумкин. Ушбу видео остида унинг матни жойлаштирилган.

Корхонада фертигация тизими қуйидагича тузилишга эга: «А» ва «Б» баклари – чўкинди ҳосил бўлмаслиги учун баъзи ўғитларни аралаштириб бўлмайди. Шу боис, алоҳида-алоҳида озиқлантириш учун одатда, иккита бак тайёрланади. «Ҳариф» МЧЖ оқимни тартибга солиш учун «Вентури» (Venturi) инжекторидан фойдаланади. Шунга кўра, ЕС (сувдаги туз миқдори) даражасига қараб, ўсимлик  қанча ўғитни ўзлаштириши ҳисоблаб чиқилади ва мос равишда оқим тартибга солинади.

Найча бузилмаслиги учун босим датчиклари ҳам керак. Босимни, албатта, кузатиб туриш зарур. Электромагнит клапанлар АҚШдан буюртма қилинган. Улар Wi-Fi тизими орқали суғориш жараёнини назорат қилиш имконини беради. Агроном ёки менежер доимий равишда иссиқхонада бўлиши шарт эмас – смартфон орқали масофадан туриб, ҳарорат, намлик даражасини билиш ва суғоришни тартибга солиш мумкин. Бошқа давлатда бўлсангиз ҳам, ушбу тизим ёрдамида иссиқхонангиз ва унинг ичидаги жараёнларни бошқара оласиз.

Компаниядаги ўсимликларнинг бир қисми иссиқхонада, бир қисми эса очиқ майдонда ўстирилгани туфайли табиийки, агар ёмғир ёғса, очиқ майдонни суғориш автоматик равишда тўхтатилади. Буларнинг барини тизимнинг ўзи тартибга сола олади. Тизим 12 хил иштирокчи учун турли  дастурларга эга бўлиши мумкин, унда ҳар хил навлар, экинлар ва турли ёндашувлардан фойдаланилади. “Ҳариф” МЧЖда тизим саккиз хил ҳудуд учун турлича дастурларга эга бўлиб,  дастурлаштириш асосида жараённи ўзи назорат қилади, озиқлантиради ва суғоради – бу жуда қулай, самарали.

“Ҳариф” МЧЖдаги фертигацияни бошқарув  тизими Hunter Hydrawise деб номланади. Ушбу фирма билан хизмат кўрсатиш бўйича шартнома тузилган. Дарвоқе, тизим Тожикистон ҳудудидаги об-ҳаво станцияларига уланган, шунинг учун у кўчадаги ҳаво ҳароратини ҳам, қуёш нурлари миқдорини ҳам ҳисобга олади ва шунга мос равишда суғориш жараёнига тузатишлар киритишга қодир. Ва бу ўсимликлар учун мақбул шароитларни таъминлашга хизмат қилади.

Корхонада харид қилинган тупроқ намлигини ўлчовчи датчиклар ҳали ўрнатилмаган ва тизимга уланмаган, аммо бундай имконият мавжуд ва келгусида амалга ошириш режалаштирилган.

Шунингдек, ҳар бир иссиқхона Ph сув ва тузлар миқдорини кузатиш учун Рh-метр ва ЕС-метрга эга бўлиши керак. Ушбу қурилмалар учун харажатдан қочмаган маъқул, чунки, қимматроқ вариантлар бардошлироқ ва аниқлик даражаси юқоридир. «Иккиси бирда» турдаги қурилмалар ҳам жуда самарали.

Тожикистондаги иссиқхонада ва очиқ майдонда энг яхши итальян навларидан иборат юқори сифатли қулупнай етиштириш бўйича инновацион фаолият бўйича тўлиқ видеосаёҳатни бу ерда кўришингиз мумкин.

EastFruit

Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.

Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!

Бу сизга ҳам қизиқ бўлиши мумкин

Марказий Осиёнинг ёзги иссиқ иқлимида иссиқхонани қандай совутиш керак (видео)?

EastFruit

Эронда 3000 гектардан зиёд иссиқхоналар барпо этиш ва уларни модернизациялаш режалаштирилмоқда

EastFruit

Иссиқхонада юқори сифатли резавор ҳосилини олишда тукли ари билан чанглатиш муҳим, аммо бу қиммат усул (видео)

EastFruit

Шарҳлар қолдиришингиз мумкин