Бош саҳифаМева-сабзавот бизнесиМуаллифлик блоглариВертикал фермер хўжаликларида нима етиштирган афзал? Албатта, қулупнай!
ДолзарбМахсусМуаллифлик блоглариЯнгиликлар

Вертикал фермер хўжаликларида нима етиштирган афзал? Албатта, қулупнай!

Сўнгги пайтларда йирик вертикал хўжаликлар инқирозга учрагани ёки уларнинг фаолияти асосан Яқин Шарқ мамлакатларидагина муваффақиятли бўлаётгани ҳақидаги хабарлар тез-тез қулоққа чалинмоқда. Бунинг ажабланарли жойи йўқ, вертикал фермалар катта инвестиция талаб қилади ва уларнинг фаолияти ҳам катта харажатларни талаб қилади, чунки замонавий иссиқхоналар табиий ёруғлик етарли бўлмаган даврдагина электр ёритгичидан фойдаланса, бутунлай ёпиқ шароитда кун давомида ёруғлик нури керак бўлади. Ҳозирги вақтда вертикал фермер хўжаликларида, асосан, микрокўкатлар, салат барги ва райҳон етиштирилмоқда, улар қисқа ўсиш даврига эга паст бўйли ўсимликлардир. Муаммо шундаки, бу маҳсулотлар бозорни тез “тўйдиради”, чунки, микрокўкатлар қанчалик фойдали бўлмасин, улар озиқ-овқат эмас, балки салат ёки сендвич учун зиравордир.

Сўнгги пайтларда жаҳондаги энг қиммат зиравор саналмиш заъфаронни вертикал усулда етиштириш ҳақидаги хабарлар пайдо бўлди. Ҳа, заъфарон қиммат, лекин у қанча миқдорда зарур?  Бозорда таклиф ошиши билан унинг нархи тез суръатларда пасайиши мумкин, буни ҳисобга олиш керак. Қолаверса, заъфарон пиёзбошдан ўстирилади ва пиёзбошларнинг ўсиши кўп вақт талаб қилади, шунинг учун экин материалини сотиб олиш нархи заъфарон нархига катта таъсир кўрсатади. Ҳосил йиғиш учун меҳнат харажатлари ҳам жуда юқори.

Кўплаб вертикал фермер хўжаликларининг эгалари қулупнайга умид билан қарашмоқда ва бунга етарлича асос бор. Қулупнай паст бўйли, бозорда талабгир ва бодринг ёки помидорга нисбатан камроқ энергия талаб қилади, шунинг учун бутун жаҳон бўйлаб замонавий иссиқхоналар уни тобора кўпроқ етиштира бошлади.

Қулупнайни анъанавий усулда, яъни, очиқ ер, баланд лотоклар, плёнкали туннеллар ёки ҳатто замонавий иссиқхоналарда етиштиришда — об-ҳаво шароити унинг ҳосилига катта таъсир қилади. Мисол учун, жорий мавсумда кузда ҳавонинг илиқ бўлиши ва қишдаги ноқулай об-ҳаво туфайли Испания қулупнайини етказиб бериш сезиларли даражада камайди, циклонлар туфайли Калифорниядаги қулупнай майдонларини сув босди. Иккинчи муҳим муаммо — бу ишчи кучи етишмаслиги. Анъанавий қулупнай етиштириш усулида қўл меҳнатига бўлган эҳтиёж ойдан ойга жуда ўзгарувчан: кўчат экиш ва парваришда гектарига бир неча киши етарли бўлса, аммо ҳосилни йиғишда худди шунча майдон учун ўнлаб одамлар керак бўлади. Йирик фермер хўжаликларида эса гап юзлаб кишилар ҳақида бормоқда.

Тўлиқ ёпиқ майдонда маҳсулот етиштириш, биринчи навбатда, бандлик муаммосини ҳал қилиш имконини беради. Навларни тўғри танлаш, оптимал микроиқлим ва озиқлантриш режимини таъминлаш билан йил давомида ҳар ҳафта нисбатан барқарор миқдорда маҳсулот йиғиш орқали одамларни доимий иш билан таъминлаш мумкин. Барқарор сифатли, жумладан, барқарор таъмли маҳсулотларни бозорга мунтазам етказиб бериш имконияти ҳам муҳим аҳамиятга эга. Қулупнай таркибидаги шакар миқдори фотосинтез жараёни самарадорлиги (ёруғлик, CО2 концентрацияси, суғориш, озиқлантириш) ва кундузги ҳамда тунгги ҳарорат ўртасидаги фарққа боғлиқ.  Қуёшли кунлар ва салқин тунлар резавор ширали бўлишини таъминлайди. Иссиқ кунлар унинг ҳажми ва массаси ошишига тўсқинлик қилади, зеро, бу резаворнинг эрта ва нотекис пишишига олиб келади. Ҳаддан зиёд иссиқлик Испания ва Италиядаги қулупнай етиштирувчиларнинг, шунингдек, континентал иқлимдаги замонавий иссиқхоналарнинг асосий муаммоларидан биридир. Қаттиқ совуқ пайтида қуёшли об-ҳаво етарли даражада шамоллатилмаган иссиқхонада ҳаддан ташқари иссиқликни келтириб чиқаради.

Замонавий тижорат иссиқхоналарида қулупнай етиштиришда маҳсулотнисупермаркетлар  тармоқларига ёки улгуржи савдога мунтазам етказиб беришни таъминлаш жуда муҳимдир.  Сўнгги йилларда оптик камералар тасвирлари таҳлили асосида помидор ва қулупнайнинг кутилаётган ҳосилини прогноз қилиш имконини берувчи дастурлар ишлаб чиқишга тобора кўпроқ эътибор қаратилаётгани бежиз эмас (қалампир ва бодринг билан буни бажариш қийин, чунки, компьютер яшил фонда яшил меваларни “кўриши” мушкулроқ).  Шунинг учун Голландия ва Бельгиядаги иссиқхона қулупнайини етиштирувчилар, асосан, икки айланмада — куз ва баҳорда қисқа кунлик навларни етиштиришади. Бироқ, бу ёндашув режалаштирилган ҳосилдорликка эга бўлган кўп миқдордаги кўчатларни талаб қилади. Жанубий Корея, Япония, Канада ва Россия Федерациясида иссиқхона қулупнайини етиштирувчилар бир неча ой давомида мева берадиган кундузги соатларга нисбатан нейтрал навларни афзал кўришади. Бироқ, бу навлар, ҳосилдорлиги, одатда, тартибсиз — биринчи тўлқинда юқори ҳосил, кейин тушиш, кейин эса бир неча ой давомида нисбатан кичик тўлқинлар. Бундай нотекислик об-ҳаво шароитлари таъсиридан, яъни, гул куртакларига таъсир этувчи ҳаддан зиёд иссиқликдан келиб чиқади.

Шундай қилиб, бутунлай ёпиқ жойда қулупнай етиштириш барқарор меҳнат харажатлари ва нисбатан кам энергия сарфи (кундузги ёруғлик узунлиги тахминан 16 соат, ҳарорат кун давомида + 20…22°C ва кечаси + 10…12°C) билан йил давомида барқарор (прогноз қилинадиган қулупнай ҳосили) ҳосил олиш имконини беради. Бунинг учун «фақат» иссиқхонада ёки бутунлай ёпиқ майдонда ўстириладиган мос навнинг етарли миқдордаги кассетали кўчатлари керак бўлади.  Яъни, бизнеснинг иккита йўналиши юзага келади — кўчатлар ва резаворлар етиштириш. Қулупнай кўчатларини анъанавий усулда етиштириш очиқ ерда вегетатив кўпайтириш орқали амалга оширилади. Сўнгги йилларда қулупнай кўчатларини тупроқсиз шароитда етиштириш усули тобора кўпроқ қўллана бошланди, аммо ҳар қандай ҳолатда ҳам у бир неча ой талаб этади ва кейинчалик музлатгичларда сақлашни тақозо қилади, аммо натижада ҳар доим кўчатлар билан бирга инфекция ва зараркунандалар (шира, ўргимчак канаси, трипслар) билан зарарланиш хавфи мавжуд бўлади. Тўлиқ назорат остида уруғлардан кўчат етиштириш эса бу муаммоларнинг ечимидир.

EastFruit

East Fruit таҳлилий платформасида чоп қилинган мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат ушбу материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.

Мазкур сайт саҳифаларида жойлаштирилган шарҳлар ҳамда блоглар муаллифларининг фикрлари таҳририят нуқтаи назари, фикри ва позициясини ифода этмаслиги мумкин.

Бу сизга ҳам қизиқ бўлиши мумкин

«HortiТеch: мева-сабзавот бизнесидаги энг замонавий рақамли технологиялар – Ўзбекистон учун имкониятлар» мавзуидаги конференция видеоси EastFruit’да!

EastFruit

Ер ости томчилатиб суғориш усули Ўзбекистон агробизнесини тубдан ўзгартириши мумкин

Andriy Yarmak

Сергей Алба: ер ости томчилатиб суғоришга йўналтирилган инвестициялар бир мавсумдаёқ ўзини оқлайди

EastFruit

Шарҳлар қолдиришингиз мумкин