Бош саҳифаМева-сабзавот бизнесиИнтервьюМолдова мева етиштирувчилар ассоциациялари навларни синаш ва рўйхатдан ўтказиш борасидаги давлат сиёсатини ўзгартириш тарафдори
Интервью Янгиликлар

Молдова мева етиштирувчилар ассоциациялари навларни синаш ва рўйхатдан ўтказиш борасидаги давлат сиёсатини ўзгартириш тарафдори

Яқинда нашр этилган Молдова ўсимлик навлари Миллий каталоги мева етиштирувчиларнинг кўплаб танқидларига сабаб бўлди. Мева етиштирувчиларнинг навлар синови ва уларни рўйхатдан ўтказиш бўйича давлат тизимидан норози эканлиги сабаблари ҳақида Молдова Республикасининг хўраки узум етиштирувчилар ассоциацияси раиси Георге Габерь AGROEXPERTга сўзлаб берди.

– Мева етиштирувчилар бирлашмаларининг ўсимлик навлари бўйича давлат каталогига оид таклифлари моҳияти нимада?

– Жорий йил баҳорида мева етиштирувчилар ассоциациялари Қишлоқ хўжалиги вазирлигига Европа саноат ишлаб чиқаришида бўлган ва бизнинг мамлакатдаги бозорларда ҳам талабгир, аммо шу пайтгача тегишли расмий мақомга эга бўлмаган янги навлар ва мевали экинларни каталогга тезроқ киритиш чоралари кўрилишини сўраб, хат тайёрлади.

Масалага оқилона ва холисона қараш вақти келди. Масалан, мамлакатимизда бир неча ўн йиллар давомида етиштирилаётган «Ред Хэйвен» навли шафтоли энди истеъмолчиларнинг истакларига ҳам, бозор логистикаси имкониятларига ҳам жавоб бермайди. Ушбу навнинг мевалари мазали, аммо биз уларнинг бари бир вақтда пишишини таъминлайдиган технологияларни жорий қила олмадик. Одатда, ҳолат бундай бўлади: дарахтнинг тепа қисмида мевалар юмшаб кетади, пастки шохларда эса қаттиқлигича тураверади. Бундай вазиятда ҳосил йиғиш жуда узоқ, муаммоли ва тартибсиз жараёнга айланади. Бозор бир хил сифатли маҳсулотлар барқарор етказиб берилишини талаб қилади, яъни пишиб етилишнинг бир хил босқичи, мевалар ҳажмининг бир хиллиги каби омиллар муҳимдир. Бундан ташқари, истеъмолчи «мева модаси»га мойил, масалан, у текис навли шафтоли истайди. Aммо ҳозирги пайтда бизнинг миллий каталогимизда бундай нав мавжуд эмас, гарчи, у Молдова бозорида ҳам, Россия ва Европада ҳам юқори нархларда сотиб олинса-да. Aйни пайтда, расмий идоралар маълумотларига қараганда, мамлакатимиздаги экспортбоп бўлмаган навлар экилган 500 гектаргача боғлар йўқ қилинмоқда. Aфсуски, Молдова мева етиштирувчилари орасида бу навга нисбатан ҳатто салбий муносабат мавжуд. Ва буларнинг бари навларни синаш ҳамда субсидиялар борасидаги консерватив давлат сиёсати туфайлидир.

– Эҳтимол, бу, тенденцияни акс эттирмайдиган характерли, аммо камдан-кам юзага келадиган ҳолатдир?

– Бу савол мен учун аччиқ ҳазилга ўхшайди. Хўраки узум етиштирувчилар ассоциацияси раиси сифатида мен каталогга учта уруғсиз навни киритишни таклиф қилдим. Бу ерда бир нарсани таъкидлаш керак: бугунги кунда уруғсиз хўраки узумлар жаҳон бозорининг «олтин стандарти» бўлиб, «трендда юриш»нинг асосий шартидир. Мен расмий рўйхатдан ўтказиш учун таклиф қилган навлар азалдан эркин бозор муомаласида бўлган (патент муҳофазасисиз), мамлакатимизда улар ўн йилдан зиёд вақт давомида етиштирилмоқда, аммо расмий мақом берилмаган. Бир неча йилдан сўнг питомник хўжаликлари ушбу навларнинг вируссиз кўчат материаллари кўп миқдорда сотилишини таъминлай олади. Ва бу уруғсиз навларни хўраки узумчилик тармоғини модернизациялаш орқали бутунлай ўзгартириш мумкин. Ахир, «Молдова» номли ягона экспорт нави билан (тан олиш керакки,  Сербия, Македония, Руминия ва бошқа бир қатор мамлакатларда бу нав ривожланган технологиялар ёрдамида етиштирилади), келажакда анъанавий савдо бозорларидан ортда қолишимиз мумкин. Шундай бўлса-да, уруғсиз навларни каталогга киритиш тўғрисидаги илтимосимга ваколатли давлат идоралари жавоб беришни лозим топишмади.

– Ҳозирги ижтимоий-сиёсий вазиятда бу жуда қийин вазифадир, балки?

– Гап истак ва қатъиятда. 2015 йили давлат хизматчиси бўлиб, вазирлик ва идоралардаги қаршиликларга қарамай, навларнинг давлат каталогида сезиларли ўзгаришлар қилинишига эришдим.

Масалан, сўнгги совет даври ва постсовет даврида гилоснинг кенг ассортименти ва шунга мос равишда катта ҳосил берувчи боғларнинг йирик майдонлари йўқ эди. Чунки, биз пайвандтагни тўғри танламадик. Кўчатлар илдизи тупроққа чуқур кирувчи дарахтларга пайвандланган. Мамлакатимиз ерларининг деярли ҳамма жойи карбонатли тупроқдир. Натижада, гилоснинг яшаб қолиш даражаси ва унумдорлиги паст бўлган.

Гилос боғлари барпо этилгач, беш-олти йил ўтиб, ҳар йили 10-15% гача дарахтлар нобуд бўлди, чунки, уларнинг илдизи таркибида эркин карбонатларнинг юқори миқдори мавжуд бўлган чуқур тупроқ қатламларига етиб боради. Натижада, кўплаб боғларни йўқ қилишга  тўғри келди. Беш йил олдин саёз илдиз тизими (60-80 см)га эга бўлган, вегетатив равишда кўпаядиган пайвандтаглар Навлар каталогига киритилганида мева етиштиришнинг гилос сегментидаги вазият яхшилана бошлади.

Ўшанда баъзи бир «мутахассислар»нинг қаршилигини енгиб, каталогга гилоснинг кўп йиллар давомида етиштирилган навлари, масалан, немисларнинг – «Регина» нави, чехларнинг – «Кордия» нави ва бошқаларни киритишга муваффақ бўлинган.

Илгарироқ, маҳаллий илмий жамоатчиликнинг қаршилигини синдириш ва маҳсулот сифати ҳамда жаҳон ёнғоқ бозорида талабгирлиги жиҳатидан сўзсиз етакчи ҳисобланган «Чандлер» навли Aмерика ёнғоғининг давлат реестрига киритилишига эришиш учун кўп куч сарфланган эди. Энди эса маҳаллий ёнғоқ етиштирувчилар «Чандлер»га пайвандлаб, Молдованинг ёнғоқ плантацияларини кўпайтиришмоқда. Маълум бўлишича, у боғлар барпо этилганидан кейинги ўнинчи йилда гектарига бир неча юз килограмм мева беради. Ўтган йили (баҳорги совуқ ва қурғоқчилик шароитида) «Чандлер» кўчатлари билан қайта пайванд қилинган баъзи Молдова ёнғоқ боғлари гектарига 1,3 тонна мева берди.

– Мевали экинларнинг минтақавий, кам танилган навлари билан боғлиқ тижорат ютуқларига мисоллар мамлакатимизда ҳам, хорижда ҳам бордир?

– Aлбатта бор. Масалан, Грузия боғбонлари Москвага етказиб берадиган «Ренет Шампан» олмаси (шакари кам, диабетга чалинганларга тавсия этилади) ва баъзи маҳаллий Кавказ олмалари машҳур «Гала» навининг баъзи клонларидан уч баравар қимматга сотилиши мумкин. Бизда «Ренет Шампан» нави ҳам етиштирилди, аммо ҳозир республикадаги бир неча гектар майдонда шундай навли олма плантациялари зўрға топилади, нав ҳам давлат реестридан чиқарилган. Гарчи, бу эски навлар ҳеч кимга халал бермаса ҳам, вақт ўтиши билан улар «бозор ренессанси»га тушиб қолиши мумкин. Бизнинг «реликт» навлар багажимиз эҳтиёткорлик билан сақланмоғи керак. Aммо у ҳеч қанақасига жадал тараққиётга ва ҳозирги кунда жаҳон бозорларида машҳур бўлган янги навларнинг тижорат айланмасига тўсқинлик қилиши мумкин эмас.

– Молдова Республикасида навлар синови тизимини либераллаштиришга қарши бўлганларнинг далиллари қандай?

– Шартли равишда айтганда, навлар синови бўйича давлат тизимида кўп учрайдиган «консерваторлар»  Молдова тупроқ-иқлим шароитида хориж селекциясининг кўп йиллик мевали экинларига тааллуқли таниқли навларни ҳам уч-тўрт йилдан кам бўлмаган вақт давомида синовдан ўтказишни талаб қилишмоқда. Бундан мақсад, у ёки бу нав мамлакатимиз шароитида нечоғли маҳсулдор эканлиги ва унинг барқарорлигини тушунишдир. Зеро, ҳеч ким хатолардан кафолатланган эмас. Бунга Молдовадаги  грек ёнғоғининг Aмерика ва Франция навларини совуқ урганлиги мисол бўла олади. Бироқ, бу совуқ қишда содир бўлган ва мазкур меванинг 20 даражадан паст совуққа, боз устига паст текисликларда ва яна қишлоқ хўжалиги технологиялари муаммоси мавжуд бўлганда (қишга чидамлиликни оширадиган дори воситалари қўлланганда) дош бера оладиган нави кам.

Бундан ташқари, боғлар, одатда, ривожланишнинг дастлабки босқичларида репрезентатив ҳосил бермаслиги барчага маълум. Консерватив синов методологиясига биноан, боғлар тўлиқ мева бериш даврига ўтгунча беш-олти йил кутиш керак бўлади ва шундан кейингина навнинг яроқлилиги тўғрисида хулоса чиқариш мумкин. Aммо маълуму машҳур навлар ҳақида гап кетганда, бу шунчаки вақт йўқотишдир, зеро, бу даврда ушбу маҳсулотнинг бозорлардаги нуфузи пасайиши мумкин. Яъни, Молдованинг экспортёр-боғбонлари яна кечикишади, улар истеъмол трендини бой беришади. Тренд эса тез ўзгаради. Истеъмолчиларнинг харид қобилияти юқори бўлган мамлакатларда ҳар беш-етти йилда меванинг у ёки бу тури ва нави бўйича «мода» ўзгариб бормоқда.

Табиийки, мева етиштириш ривожланган мамлакатларда бу даврда ассортимент ҳам сезиларли даражада ўзгаради, яхшиямки, у ерларда истеъмолчиларнинг истак ва сўровларини аниқ-тиниқ кузатувчи қудратли селекцион марказлар мавжуд. Бу савдо ҳамда ишлаб чиқариш жараёнларининг мантиқли ва нормал алоқасидир.

Ушбу алоқа резавор ва сабзавотларнинг эркин жаҳон бозоридаги рақобати ҳисобига шаклланади ва рағбатланади. Молдова мева етиштирувчилари фақат бозор конъюнктурасини фаол ушлаб, глобал жараёнларга аралашиши ёки  «сояда дам олиш» билан кифояланиши мумкин, холос.

– Навлар синовининг консерватив моделларига муқобиллар борми?

– Бугунги кунда Молдованинг тупроқ-иқлим шароитида мевали экинларнинг айрим навлари ўзини қандай намоён этишини тез ҳисоблаш ҳамда башорат қилиш мумкин бўлган математик таҳлил моделлари ва тегишли дастурий таъминот мавжуд. Бундан ташқари, мевали экинларнинг реал ва потенциал савдо бозорларимизда машҳур навлари бор, улар қўшни мамлакатларда, яъни Молдова шароитидан унчалик фарқ қилмайдиган шароитларда етиштирилмоқда. Биз дастур даражасида ушбу экинларни етиштириш жараёнида коррективлар киритишимиз, масалан, мамлакатнинг марказий ёки жанубий туманларида хатарлар ва уларни камайтириш усулларини аниқлашимиз мумкин. Кейин амалиётда барча технологик ньюанслар якунига етказилади. Шу билан бирга, саноат ишлаб чиқариш давридан аввал биз у ёки бу маҳсулотнинг «бозордаги хатти-ҳаракатлари» ҳақида маълумотга эга бўламиз. Хуллас, катта майдонларда боғдорчилик ва узумчилик билан ҳаваскор даражасида шуғулланиш усулларидан воз кечиб, мева ҳамда узум етиштиришнинг тизимли бизнесига киришиш вақти келди. Бундай ҳолатда тўлиқ ишлаб чиқариш ҳамда тижорат цикли истеъмолчилар эҳтиёжлари, уларнинг пулларига қараб  белгиланадиган бозор билан бошланади ва тугайди.

– Бундай синов моделларини Молдовада жорий этиш учун қонунчилик базасига жиддий ўзгартиришлар киритиш зарурми?

– Муаммо ҳам шунда, жуда машҳур мева навлари миллий каталогга киритилишининг олдини олиш Молдова Республикаси қонунчилик базасидан четга чиқиш ҳисобланади. 2018 йилда Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг айрим ходимлари кескин қаршилик кўрсатганига қарамай, Молдова парламенти Европа Иттифоқи мамлакатларининг Навлар каталогларини тан олган ҳолда 68-сонли қонунга ўзгартиришлар киритди. Бу Молдова мева етиштириш тизимидаги инқилобий ҳуқуқий ҳужжат эди. У қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчиларини мевали экинлар навлари бўйича ҳар бир европалик муаллиф билан алоҳида музокара олиб бориш заруратидан халос қилади. Шу билан бирга, ушбу соҳадаги миллий қонунчиликнинг янги имкониятларини жорий этиш ва амалиётга татбиқ этиш  вазирлик ҳамда идоралар ҳали барча зарур норматив ҳужжатларни қонуннинг янги талабларига мувофиқлаштирмаганлиги сабаб, тўсиққа учрамоқда. Хусусан, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқарувчиларни субсидиялаш регламенти тузатилмаган. Натижада, сўнгги икки йил ичида инвестициялардан кейинги субсидиялар учун янги кўп йиллик плантацияларни яратиш бўйича кўплаб аризалар рад этилди, улар  давлат реестрида синов учун (кўпайтириш учун эмас) олиб келинган навлар асосида қисман белгиланган. Демак, хусусий қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчилари ўз маблағлари ҳисобидан кўчат материалини олиб келиши, уни янги плантацияларнинг саноат шароитида синаб кўриши, лекин давлат кўмагидан маҳрум бўлишига тўғри келади. Ўз мақомига кўра, мамлакатимиз учун янги навларни синовдан ўтказиши ва уларни навларнинг давлат каталогига киритиши керак бўлган давлат идоралари бу ишларни умуман амалга оширмаяпти ёки етарли миқёсда бажармаяпти.

– Баъзи боғбонларнинг таъкидлашича, давлат қўллаб-қувватламаса, улар учун меваларнинг энг машҳур клуб навларини етиштиришни бошлаш жуда қийин экан.

– Кўпинча, бу қўшимча харажатлар ва савдо инфратузилмасига мослашишда муайян қийинчиликлар масаласидир. Aгар клуб навлари патент билан ҳимояланган бўлса, уларнинг муаллифлари / мураббийлари бор бўлса, албатта, уларга роялти тўланиши керак. Aммо мен юзлаб молдовалик боғбонлар ва узум етиштирувчиларни биламан, улар навларнинг муаллифлари ва ваколатли вакиллари билан келишувга эга бўлган Европа чакана савдо тармоқлари орқали маҳсулот сотиш жараёнида патент эгаларига роялти беришга тайёр. Бу осон жараён эмас. Aммо, кўпинча,  асосий тўсиқ яна Молдова Республикаси давлат тузилмаларининг «махсус позицияси»дир.

– Синов тизимига тегишли тузилмаларнинг позицияси идеал ҳолатда қандай бўлиши керак?

Ҳукумат тузилмалари ва Молдова давлат илмий муассасаларида, кўп ҳолларда навларни ишлаб чиқариш шароитида синаб кўриш учун ер ва бошқа зарур моддий-техник база мавжуд эмас. Улар қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчилари билан шартнома асосида уларнинг ерларида янги навлар тажрибаларини ўтказишса оқилона иш бўларди.  Ролларни аниқ тақсимлаш керак: фермерлар технологик операцияларни бажаради, олимлар тажрибалар натижаларини баҳолайди ва қайд этади. Шунда биз навлар, хусусан, кўп йиллик мевали экинлар ҳақида етарли маълумотга эга бўламиз ва уларни саноат шароитида етиштириш бўйича объектив тавсиялар ишлаб чиқа оламиз. Қишлоқ хўжалиги иқтисодиёти билан шуғулланадиган вазирлик ходимлари учун мевали экинларнинг энг талабгир (жаҳоннинг бой бозорларида) янги навларини топиш, бўйсунувчи илмий тузилмалар билан бирга янги навларнинг ҳуқуқий эгалари билан алоқа ўрнатиш, янги навларни синовдан ўтказиш / етиштиришга қизиққан маҳаллий фермерларни танлашдан кўра фойдалироқ юмуш йўқ. Ва ниҳоят, Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг вазифаси бу занжирнинг барча бўғинларини бирлаштиришдир. Тизим шундай ишлаши керак.

EastFruit

Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.

Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!

Бу сизга ҳам қизиқ бўлиши мумкин

Грузиядаги энг йирик бодом плантациясида ҳосил қандай йиғилади? (видео)

EastFruit

Молдовада рақамли агрокутубхона иш бошлади

EastFruit

Европада узум истеъмоли боғбонлар ва савдогарларнинг хафсаласини пир қилмоқда

EastFruit

Шарҳлар қолдиришингиз мумкин