Бош саҳифаМева-сабзавот бизнесиИнтервьюБозорга биринчи бўлиб ким кириб борса, сабзавотларни қайта ишлаш бўйича ускуналарга киритилган инвестицияларни тезроқ қайтариб олади – нуқтаи назар
ИнтервьюТехнологияларЯнгиликлар

Бозорга биринчи бўлиб ким кириб борса, сабзавотларни қайта ишлаш бўйича ускуналарга киритилган инвестицияларни тезроқ қайтариб олади – нуқтаи назар

Тўғралган ва тозаланган маҳсулотлар бўйича таклифлар Украина сабзавот бозорида кўп эмас. Умуман, бозор иштирокчилари қайд этаётган тенденциялар шуни кўрсатмоқдаки, бугунги истеъмолчи имкони борича тайёр маҳсулот истайди. Нега Украина агрокомпаниялари бугун истеъмолчилар талабига қарши ўлароқ сабзавотларни қайта ишлаш билан шуғулланмаяти, қайта ишлаш соҳасида келажакда энг катта муваффақият қозониш мумкин бўлган сегмент қайси, қайта ишлаш ускуналарига киритилган инвестицияларни қайтариб олишдаги энг муҳим омиллар нима – буларнинг барини SEEDS журналистларининг “Толсма-Текник” компаниясининг сабзавотларни сақлаш ва қайта ишлаш учун ечимлар бозоридаги бизнесни ривожлантириш бўйича менежери Роман Злигостевой билан интервьюсида билиб олишингиз мумкин.

– Роман, маҳсулотни етиштиришга қанча кўп ҳаракат қилинган бўлса, у шунчалик қиммат сотилади, демак, қайта ишлашга тикилган пуллар ҳам вақт ўтиб қайтиб келади, шундай эмасми? Бундай инвестицияларни қоплаш муддати қанча?

– Буларнинг барчаси тадбиркорнинг ўзига – қандай маркетинг стратегияси ишлаб чиқилишига боғлиқ. Шуни ёддан чиқармаслик керакки, агар сиз хомашё билан савдо қилсангиз, бозордаги ҳолатни, айни дамдаги ўртача нархни биласиз ва унга мослашасиз. Аммо бирор-бир аниқ маҳсулот ҳақида гап кетганда, ҳаммаси маркетингга боғлиқ. Агар тадбиркор ушбу масалага профессионал тарзда ёндашиб, харидорларга ўз маҳсулотини тўғри кўрсата билса, муваффақиятдан умид қилиши мумкин. Латент эҳтиёж деган тушунча бор. Инсонлар ҳалигача бозорга чиқмаган бирор маҳсулотни сотиб олишни исташади ёки шунчаки у ҳақда хабардор бўлмайди.

Инвестицияларнинг қайтиш муддати бу – мураккаб савол. Шуниси аниқки, бозорга биринчи бўлиб кириб келганлар, – уларнинг ортидагилар эмас, – сарфланган инвестицияларни биринчи бўлиб қайтариб оладилар.

– Бундай “биринчи”лар Украина бозорида бугун борми? Ёки бундайлар умуман мавжуд бўлмаган баъзи соҳалар ҳамон борми?

– Улар йирик қайта ишловчи корхоналарда бор. Ҳозир 30-100 гектар ерга эгалик қилувчилар шунчаки хомашё сотиб, бозордаги ўрнини ушлаб туриш бугун қийин эканлигини тушуниб етдилар. Шу боисдан, бундай ишлаб чиқарувчилар маҳсулотнинг қўшимча қийматини ошириш йўлидан боряпти. Улар, дейлик, тузланган карам ёки корейс сабзиси ишлаб чиқарувчи линиялар ўрнатиш ҳақида ўйламоқда. Илгари сабзавотларни босим остида қайта ишлаш йўли билан қайта ишлаш билан шуғулланган, консерва ишлаб чиқарган тадбиркорлар бугун яшил нўхат ёки маккажўхори ишлаб чиқарувчи тўлиқ автоматлаштирилган линияларга эга бўлишни истаяпти.

– Буларнинг бари даладан узоқда бўлмаслиги керакми?

– Одатда, логистика харажатларини камайтириш мақсадида агро ишлаб чиқарувчилар ростан ҳам ўз даласи яқинида барпо этишади.

– Сиз йирик агрокомпанияларни назарда тутяпсизми?

– Йўқ, ҳозирча улар кичик корхоналар. Йирик агрокомпаниялар бозорнинг ушбу сегментига назар солмаяпти – улар бугунги кунда шунчаки хомашё сотиб ҳам ёмон пул ишламаяпти. Бироқ, агар улар ўз бизнесини ривожлантирмоқчи, маҳсулот турларини диверсификация қилмоқчи бўлса, ўша яшил нўхат ишлаб чиқаришни бемалол йўлга қўйиши мумкин. Бундан ташқари, бозорнинг ушбу сегментига йирик иштирокчиларнинг кириб келиши қўшимча иш ўринлари ва солиқ тушуми деганидир. Демак, бундан бутун Украина ютади. Аммо, сабзавотларни қайта ишлаш бизнесининг ўзига хос жиҳатларини яхшилаб ўрганиш лозим. Масалан, ҳозир фақат Украина бозори учун мўлжалланган картошка-фри ишлаб чиқариш линиясини барпо этиш мақсадга мувофиқ эмас. Ахир Украинада картошка-фри анъанавий овқат эмас, балки кўпроқ фастфуд ўрнидадир. Яъни бу ерда овқатланиш анъаналари аҳамиятга эга.

Дарвоқе, бу йилдан бошлаб ер бозори татбиқ этила бошлайди. Бу деҳқонларни нима етиштириш ва қандай қилиб имкони борича кўпроқ даромад олиш масаласига бошқачароқ ёндашишга ундайди. Украина учун бу жуда яхши. Биз бозор иштирокчиси сифатида ушбу жараён сабзавотларни қайта ишлаш сегментига муайян туртки беради, деб умид қиламиз. Бугунги кунда Украинада жуда кўплаб озиқ-овқат экинлари етиштирилади. Масалан, шахсан ўзим аччиқ қалампир етиштириш тажрибасига эгаман. Ҳозирда ушбу маҳсулот ўз харидорини топган. Яна бир ёрқин мисол – аспарагуса, яъни сарсабил. Авваллари бу экин жуда қиммат эди, бироқ ҳозир уни етиштириш Украинада кенг қулоч ёзди.

– Сабзавотларни қайта ишлаш соҳасидаги қайси сегмент истиқболда энг катта муваффақият олиб келиши мумкин?

– Биринчидан, бу картошка. Чунки у Украина бозоридаги энг оммавий маҳсулот. Мамлакатда тезкор овқатланиш шахобчаларига талаб ортиб борар экан, масалан, картошка ёрмаси сингари маҳсулот катта даромад келтириши мумкин. HoReCa тармоқларида кўплаб истеъмол қилинадиган картошка пюресига ҳам талаб ортади.

– Ҳозир картошкани қайта ишлаш билан шуғулланаётган корхоналар кўпми?

– Украинада бугунги кунда ушбу сегмент деярли ривожланмаган. Бир вақтлар советлар даврида барпо этилган корхоналар ўз қувватларини модернизация қилиб, ишлашга ҳаракат қилишяпти. Аммо бутун украин бозорини таъминлай оладиган кучли компания ҳақида гапиришга ҳали эрта. Масалан, юқорида айтиб ўтилган картошкани қайта ишлаб, унинг ёрмасини ишлаб чиқарувчи корхонани мен билмайман. Ҳолбуки, бу Осиё бозорларига экспорт қилиш нуқтаи назаридан истиқболли йўналиш.

– Умуман, ушбу маҳсулот истеъмолчи учун қай даражада мазали? Кўпчилик ахир уни айнан фойдали ва мазали эмас, деган стереотип сабабли қабул қилмайди.

– Ресторан бизнесида ишлаш тажрибамдан келиб чиқиб айта оламанки, ҳозир Украина бундай ёрмаларни Бельгия ва Германиядан импорт қилаяпти. Юзлаб, минглаб одамларни тўйдириш ҳақида сўз борар экан, картошка пюреси – жуда яхши ечим. Бир вақтлар биз ўзимизча оддий картошкадан тайёрланган пюре ва ёрмани аралаштириб хамир тайёрлагандик. Унинг фарқини фақат тажрибадан бохабар бўлганларгина сезишган. Агар пюрега сут, сут қаймоғи, ёғ қўшилса, у нимадан тайёрланганлигини билиш жуда қийин бўлади. Чунки ёрмалар тайёрлашда дегидратация жараёни юз беради ва шу тариқа, картошкадан намлик чиқариб ташланади. Шу сабабли ҳам бу маҳсулот 99,9 фоиз фақат картошканинг ўзидан таркиб топади.

Бироқ, ёрма ишлаб чиқариш бўйича линия барпо этиш ҳақида гапирадиган бўлсак, бу – жуда катта инвестициялардир. Бундай улкан лойиҳага йирик корхоналар қўл ургани маъқул.

– Сиз эслаб ўтган тезкор овқатланиш тармоқларининг ривожини инобатга олган ҳолда, бутун дунёда яримфабрикат маҳсулотлар оммалашяпти, дея оламизми?

– Ҳа. Қаранг, ўша чучваралар сотиладиган дўконларнинг ўзи қанчадан-қанча! Бундай талабни сабзавот яримфабрикатлари борасида ҳам айтиш мумкин. Дарвоқе, кейинчалик сабзавотни қайта ишлаш соҳаси ривожига туртки берадиган яна бир тренд – гўшт ўрнига сабзавотлар истеъмол қилишдир.

EastFruit

Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.

Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!

Бу сизга ҳам қизиқ бўлиши мумкин

Турк лирасининг қулаши: Туркиядан импорт қилинадиган мевалар оқими ортиши кутилмоқда

EastFruit

Ер ости томчилатиб суғориш усули Ўзбекистон агробизнесини тубдан ўзгартириши мумкин

Andriy Yarmak

Сергей Алба: ер ости томчилатиб суғоришга йўналтирилган инвестициялар бир мавсумдаёқ ўзини оқлайди

EastFruit

Шарҳлар қолдиришингиз мумкин