Бош саҳифаМева-сабзавот бизнесиБизнес тарихиGeorgian greens бренди кўкатларидан тайёрланган пасталар тез орада халқаро бозорларга чиқади
Бизнес тарихиДолзарбМахсусЯнгиликлар

Georgian greens бренди кўкатларидан тайёрланган пасталар тез орада халқаро бозорларга чиқади

Февраль ойида Грузия супермаркетлари тармоғида Georgian greens брендидан кўкатли пасталар сотувга чиқади. Шу билан бирга, ишлаб чиқарувчи — «Georgian greens» МЧЖ  маҳсулотларнинг биринчи партияларини экспортга жўнатишни режалаштирмоқда.

«Ҳозирги кунда компаниямиз Грузиянинг бир нечта супермаркетлар тармоғи билан музокаралар олиб бормоқда, биз ушбу музокараларнинг яқин келажакда якунланишини кутяпмиз. Бундан ташқари, маҳсулотимиз намуналарини турли мамлакатларга жўнатдик.  Халқаро қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари кўргазмаларига тез-тез бориб турамиз, талаб ва таклиф билан яхши танишмиз. Кўкатлардан тайёрланган пасталар нисбатан кам учрайдиган маҳсулот бўлиб, бу ниша ўзлаштирилмаган ва уларга талаб жуда юқори. Бизнинг маҳсулотларимиз АҚШ ва Форс кўрфази мамлакатларида катта қизиқиш уйғотмоқда. Февраль ойида биринчи экспорт партияларини шакллантирамиз ва жўнатамиз», деди EastFruit нашрига берган интервьюсида «Georgian greens» МЧЖ ҳаммуассиси Эка Вепхвадзе.

Унинг сўзларига кўра, февраль ойида 4 турдаги кўкат – кашнич, майданоз, шивит ва саримсоқдан тайёрланган пасталар бозорга чиқарилади.  Апрелгача ассортимент 13 та позицияга кўтарилади — райҳон, орегано, розмарин ва бошқа кўкатлардан тайёрланган пасталар ҳам пештахталарга  чиқади.

«Маҳсулотларимиз махсус термик ишлов берилган сархил кўкатлар бўлиб, бир томондан микробиологик ифлосланиш бартараф этилган бўлса, иккинчи томондан озуқавий хусусиятлари сақлаб қолинган. Ягона қўшимча — бу озгина туз ва сув, бундан бошқа ҳеч нарса қўшилмаган. Шу билан бирга, маҳсулот етарлича концентрацияланган — 200 грамм паста ишлаб чиқариш учун бир неча килограмм хом ашё керак бўлади. Бизнинг кўкатли паста якуний маҳсулот эмас, яъни, айтайлик, уни нонга суртиб ейишдан ташқари таомларга қўшиш ҳам мумкин. Ва ундан фойдаланиш жуда қулай — таомга қўшиш учун сархил кўкат излаш, ювиш ва тўғраш шарт эмас, шунчаки 1 чой қошиқ Georgian greens’дан солиш кифоя», дейди Эка Вепхвадзе.

Ушбу босқичда Georgian greens маҳсулотлари 250 граммли шиша идишларда ишлаб чиқарилади. Нарх кўкатларнинг муайян тури нархига боғлиқ бўлади. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, Грузия бозорида 1 банка кўкатли паста нархи 4-8 лари (1,5-3 доллар) атрофида, экспорт нархлари эса 2 доллардан 5 долларгачадир.

Компания паста учун хомашёни кўкат етиштириш кенг тарқалган Имерети ва Квемо Картли минтақаларидан, узоқ муддатли шартномалар тузилган фермерлардан харид қилади.

«Ҳамкор фермерлар   Грузияда кам учрайдиган бир неча турдаги кўкатлар, жумладан, розмарин ва занжабилни биз учун махсус экишди», дейди у.

2022 йилнинг ноябрь ойида ташкил этилган Georgian greens компаниясининг маҳсулотлари ҳозирги пайтда Мисакциели қишлоғи (Шарқий Грузия, Мцхета-Мтианети вилояти)даги корхонада, аутсорсинг шартномаси бўйича компаниянинг сифат бўйича технологи ва менежери назорати остида ишлаб чиқарилмоқда. Эка Вепхвадзенинг сўзларига кўра, ушбу корхона кўргазмада озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича энг юқори стандартларни жорий этгани учун эътирофга сазовор бўлди. Айни пайтда «Georgian greens» МЧЖ ёзда ўз корхонасини очишни режалаштирмоқда.

«Биз керакли ускунани танладик, яқин орада уни харид қилиб, Грузияга олиб келамиз. Бино ҳам ўзимизники бўлади. Биринчи навбатда, халқаро стандартларга эътибор қаратамиз. Умид қиламанки, корхонамизни шу йил ёзда ишга туширамиз», дейди Эка Вепхвадзе.

EastFruit

Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.

Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!

Бу сизга ҳам қизиқ бўлиши мумкин

Исроилнинг «Orri» мандаринлари кундан-кунга талабгир бўлиб бормоқда

EastFruit

Влад Ведрашко: «Узумзорлар барпо этмоқчи бўлсангиз, аввало, савдо имкониятларини таҳлил қилинг» (видео)

EastFruit

Ўзбекистондан пиёз экспорти вақтинчалик чекланди

EastFruit

Шарҳлар қолдиришингиз мумкин