Бош саҳифа › Долзарб › Ўзбекистонлик мева-сабзавот етиштирувчилар Молдовада нимани ўрганди ва бу тажриба соҳани қандай ўзгартириши мумкин?
ВидеоДолзарбМахсусТехнологияларЯнгиликлар

Ўзбекистонлик мева-сабзавот етиштирувчилар Молдовада нимани ўрганди ва бу тажриба соҳани қандай ўзгартириши мумкин?

Беш кунлик ўқув сафари шуни кўрсатдики, қишлоқ хўжалигида сувни тежаш, рақамли мониторинг, биологик ҳимоя ва маҳсулотни бозор талабларига мослаштириш – буларнинг барчаси бир занжирнинг бўғимлари бўлиб, улар мутаносиб ва тизимли ишлагандагина юқори самарадорликка эришиш мумкин.

2026 йил 15–19 июнь  •  Молдова  •  ФАО/ЕТТБ лойиҳаси  •  FARM кўмагида

Сафарнинг амалий натижаси тезда намоён бўлди. Иштирокчилардан бири Рустам Ёқубов Ўзбекистонга қайтгач, пуркагич форсункаларини самарали турига алмаштириб, сув сарфини икки баробар камайтирганини маълум қилди. Бу мисол бутун дастурнинг мантиғини аниқ ифодалайди: ўзгаришлар ҳар доим ҳам йирик инвестициядан бошланмайди. Баъзан кичик, аммо тўғри танланган техник ечимлар тез ва сезиларли натижа бериши мумкин. Натижада хўжалик янада мураккаб бошқарув тизимларига босқичма-босқич ўтиши мумкин.

Сафарда Ўзбекистондан мева-сабзавот етиштириш билан шуғулланувчи тўққиз нафар мутахассис қатнашди. Улар Молдованинг бир нечта тижорат хўжаликларига ташриф буюриб, иш жараёни ва натижалар билан танишишди, жорий этиш харажатлари, техник хизмат, эҳтимолий хавфлар ва инвестицияларнинг ўзини оқлаш муддатларини муҳокама қилди.

Шарҳ видеосида ушбу амалий тажриба алмашинувининг асосий лавҳалари жамланган: Elit-Fruct суперинтенсив боғлари, тупроқ ости томчилатиб суғориш, Prodcar интенсив гилос боғи, Terra Vitis рақамли узумзори, экспортга мўлжалланган шалот пиёзи етиштириш ва агродронлар имкониятлари.

Экологиклаштириш – қўшимча харажат эмас, балки самарали бизнес-модели

Сафарнинг асосий хулосаси шундан иборатки, замонавий мева-сабзавот бизнесида иқтисодий ва экологик барқарорлик бир-бирини кучайтиради. Сув ва ёқилғини тежаш таннархни пасайтиради. Ўсимликларни тўғри ва аниқ ҳимоя қилиш ортиқча ишловлар сонини ҳамда харидорларнинг пестицид қолдиқлари бўйича талабларидан ошиб кетиш хавфини камайтиради. Ҳосил юкламаси ва микроиқлимни бошқариш харидорбоп маҳсулот улушини оширади ва йўқотишларни қисқартиради. Рақамли маълумотлар ўз вақтида ва тўғри қарор қабул қилиш имконини бериб, келиб чиқиши мумкин бўлган қўшимча харажатларнинг олдини олади. Буларнинг барчаси биргаликда бизнес хавфларини камайтиради, бу эса ўз навбатида ишлаб чиқарувчиларнинг ўз фаолиятини молиялаштириш имкониятларини сезиларли даражада оширади.

Бироқ датчик, дрон ёки суғориш тизимини харид қилишнинг ўзи кутилган натижани бермаслиги мумкин. Сафар давомидаги муваффақиятли мисолларнинг барчасида технология бошқарув жараёнига уйғунлаштирилган: ўлчаш — талқин қилиш — қарор қабул қилиш — натижани текшириш — шундан кейингина кўламни кенгайтириш. Деҳқончиликни шунчаки ускуна харид қилишдан ажратиб турадиган асосий жиҳат ҳам айнан шу – технологиядан фақат маълумот олиш эмас, балки ушбу маълумот асосида тўғри ва ўз вақтида қарор қабул қилиш интизомидир.

Сув илдизга айнан керак бўлган вақтда берилиши керак

Ўзбекистон учун энг долзарб устуворликлардан бири – сувдан фойдаланиш самарадорлигини ошириш. Молдовадаги Ион Чобану хўжалигида иштирокчилар тупроқ ости томчилатиб суғориш тизимини кўрди: қувурлар тахминан 40 сантиметр чуқурликка жойлаштирилган бўлиб, сув ва озуқа моддалари бевосита илдиз зонасига етказиб берилади. Бу буғланиш туфайли келиб чиқадиган йўқотишларни камайтиради, бегона ўтларнинг сувдан фойдаланишини чеклайди ва қувурларни ҳайвонлар ёки техника шикастлаши хавфини пасайтиради.

Бу технологиянинг муҳимлиги фақат сувни тежашда эмас, балки чуқурроқ намланиш илдиз тизимининг тупроқ қуйи қатламларида ривожланишини рағбатлантиради ва ўсимликларнинг жазирама иссиқ ҳамда қурғоқчиликка чидамлилигини оширади. Бироқ самара лойиҳалаш, тупроқ тури, сув сифати, дренаж, тузларни ювиш тартиби ва тизимга техник хизмат кўрсатишга боғлиқ. Шу боис ер ости суғориш тизимини универсал ечим деб қабул қилиш эмас, балки муайян майдонда синаш ва мониторинг билан бирга олиб бориш лозим.

Terra Vitis хўжалигида иштирокчилар сувни бошқаришнинг кейинги босқичини кўриш имконига эга бўлди: датчиклар 30 ва 60 сантиметр чуқурликда тупроқдаги сув таранглигини ўлчайди. Хўжалик бу маълумотлардан суғоришни ўз вақтида ва тўғри амалга оширишда фойдаланади. Жараёнда кўрсаткичнинг ўзигина эмас, уни муайян тупроқ, экин ва томизғичлар жойлашувига тўғри мослаш муҳим аҳамиятга эга.

Метеостанциялар фойда келтириши керак

Айрим хўжаликларда метеостанциялар мавжуд бўлса-да, улардан унумли фойдаланилмайди. Яъни, метеостанциялар фақатгина ҳароратни кузатиш учун ишламоқда. Молдовада эса иштирокчилар бошқа ёндашувни кўрди.

Elit-Fruct хўжалигида метеостанция RIMpro прогнозлаш тизимига уланган. Ҳарорат, ёғингарчилик, намлик, шамол ва барг намлиги ҳақидаги маълумотлар касалликлар ривожланиши моделлари билан бирлаштирилиб, инфекция хавфини баҳолаш ва ишлов бериш учун мақбул вақтни аниқлашга ёрдам беради.

Terra Vitis хўжалигида эса об-ҳаво маълумотлари зараркунандалар ривожланиши моделлари ва фотоқопқон билан тўлдирилади. Телефонга келиб тушган тасвирлар орқали ҳашаротларнинг учиш ва ҳаракатланиш динамикасини кузатиш мумкин. Бироқ ушбу тизим агроном ўрнини боса олмайди: у маълумот беради холос, якуний қарор эса дала кузатуви, иқтисодий зарар чегараси, прогнозлаш ва олдинги ишловлар тарихи асосида мутахассис томонидан қабул қилинади.

Бундай ёндашув – тақвим асосидаги ишловларни, восита, меҳнат ва ёқилғи сарфини қисқартириш ҳамда маҳсулот сифатини оширишга хизмат қилади.  

Йирик калибрли гилос: ҳосилнинг ҳажми эмас, маҳсулот қиймати муҳим

Prodcar хўжалигида иштирокчилар интенсив усулда йирик калибрли гилос етиштириш тажрибаси билан танишишди. Бу ерда асосий эътибор мўл ҳосил олишга эмас, балки бозорда талаб юқори бўлган йирик калибрли, яъни 28 миллиметр ва ундан катта калибрдаги меваларни етиштиришга қаратилган. Боиси, йирик калибрли гилос майда калибрли гилос нархидан сезиларли фарқ қилади.

Ҳосил юкламаси гуллаш босқичидаёқ тартибга солинади, зарурат бўлса қўлда сийраклаштириш амалиёти бажарилади. UFO ва урчуқсимон шакл бериш тизимлари, пайвандтаг ва навларни танлаш, биостимуляция, тўғри суғориш, ёмғир, дўл, ортиқча ҳарорат ва ҳашаротлардан ҳимоя, касалликлар мониторинги, саралаш ва қолдиқларни назорат қилиш ягона тизимга киради. Бундай интенсив боғ – энг аввало, хавфларни бошқариш тизимидир.

Хўжалик ўз маҳсулотини органик деб атамайди. Асосий мақсад – самарали ҳимояни сақлаган ҳолда синтетик воситалардан фойдаланмаслик (ёки имкон қадар камроқ фойдаланиш), таъсир этувчи моддалар сонини ва уларнинг қолдиқ даражасини имкон қадар камайтиришдан иборат. Бунда микробиологик препаратлар, феромонли тизимлар ва майда кўзли тўрларни ўз ичига олган биологик ва физик ҳимоя воситалари қўлланади. Видеода тилга олинган тўртта-бешта таъсир этувчи модда бўйича мезонни тўғри талқин қилиш муҳим: бу айрим харидорлар ва савдо дастурларида белгиланган бўлсада, ЕИ қонунчилигининг ягона талаби эмас.

Рақамли узумзор: навдан бозоргача ягона ёндашув

Молдова жанубидаги Terra Vitis хўжалиги нав синовлари тижорат стратегиясининг бир қисми эканини кўрсатди.

Хўжаликда узумнинг 130 дан ортиқ хўраки нави тўпланган. Навлар нафақат таъми ва ташқи кўриниши, балки маҳаллий иқлимга мослашувчанлиги, меҳнатталаблиги, ташишга чидамлилиги, сақланувчанлиги ва омборда сақлашга яроқлилиги бўйича ҳам баҳоланади.

Бу ерда вертикал, Y-симон ва пергола шакл бериш тизимлари таққосланади. Билдирилишича, барг сатҳининг кенгайиши ҳосилдорликни 30–40 фоизга оширган, янги конструкция ва суғориш тизими қўлланган майдонлардан бирида олти йил давомида гектаридан 35–42 тонна ҳосил олинган. Бу натижалар муайян хўжалик шароитига тегишли. Улар умумий меъёр эмас: натижа нав, ҳосил юкламаси, ёруғлик, озиқлантириш, сув ва бошқарув сифатига боғлиқ.

Ёмғирдан ҳимояловчи плёнка ва дўлга қарши тўр кечки узумни ёрилиш ва чиришдан сақлайди, бироқ шу билан бирга, микроклимат ҳамда препарат қолдиқларининг хусусиятларини ўзгартиради. Шунинг учун ҳимоя инфратузилмаси бутун агротехнологияни мослаштиришни талаб қилади. Terra Vitisнинг энг фойдали тамойили – аввал маҳаллий шароитда синаш, кейин натижани баҳолаш ва шундан кейингина кўламни кенгайтиришни назарда тутади.

Агродронлар: катта имконият, аммо ягона ечим эмас

Агродронлар сафар иштирокчиларда алоҳида қизиқиш уйғотди. LiDAR дарахт шох-шаббаси тузилишини аниқлашга, мультиспектрал тасвирга олиш стресс зоналарини топиш, гуллаш жадаллиги ва ҳар бир дарахт ўлчамини баҳолашга, ўзгарувчан меъёрда ишлов бериш эса фақат зарур жойларга препарат қўллаш ва ҳосил ҳажми ҳамда сифатини мақбуллаштириш учун боғни бир маромга келтиришга ёрдам беради. Дрон ёмғирдан кейин ҳам ғилдиракли техника кира олмайдиган майдонларда ишлай олади, ундан тунда ҳам фойдаланиш мумкин. Шунингдек, дрон ёқилғи сарфи ва ходимларнинг кимёвий воситалар билан алоқасини камайтиришга, меҳнат унумдорлигини сезиларли оширишга ва ёшларни бу жараёнга жалб этиш имкониятларини оширишга ҳам хизмат қилади.

Аммо асосий масала – технологияни жорий этишдан олдин унинг агрономик самарадорлигини исботлаш. Экинлар, препаратлар ва пуркаш параметрлари учун аниқ регламентлар зарур. Шу боис Ўзбекистонда агродронлардан фойдаланиш кўламини кенгайтириш давлат органлари, илмий муассасалар ва ишлаб чиқарувчилар ҳамкорлигидаги синовларни талаб этади.

Технология далада эмас, харидорда якунланади

Сафардан яна бир муҳим хулоса олинди: ишлаб чиқариш самарадорлиги ҳар доим ҳам юқори даромадни англатмайди. Нав логистикага бардош бериши, маҳсулот бир хил сифатда бўлиши, совитиш тез амалга оширилиши, саралаш ва қадоқлаш харидор талабига мос бўлиши керак. Шу билан бирга, маҳсулот хавфсизлиги ва келиб чиқишини тасдиқловчи ҳужжатлар ҳам муҳим.

ARHIR ION хўжалигидаги шалот пиёзини мисол қиладиган бўлсак, унинг ҳосилдорлиги оддий бош пиёзникидан паст бўлса-да, маҳсулот экспорт учун етиштирилади, механизациялашган усулда йиғиб олинади, калибрланади, қадоқланади ва Руминияга жўнатилади. Демак, юқори қийматли маҳсулот фақат экиннинг ўзи билан эмас, балки бозор талабини аниқ билиш ва бутун таъминот занжирини тўғри ташкил этиш ҳисобидан юзага келади. Шунинг учун талабгир ва эҳтимолий даромади юқори бозорларга чиқишни сертификатлаш ёки битта технологик ечим билан ҳал этиб бўлмайди. Барқарор ҳажмлар, такрорланувчан сифат, маҳсулотни кузатиб бориш, талабга риоя қилиш, ишончли логистика, маркетинг ва харидорлар билан узоқ муддатли муносабатлар зарур. Юқори нарх – ушбу тизимнинг эҳтимолий натижаси, аммо экологиклаштиришнинг ўзи учун кафолатланган устама эмас.

Навбатдаги қадамлар

Сафардан кўзланган асосий мақсад олинган билим ва тажрибани кенг оммалаштиришдир. Жорий йилнинг октябрь–декабрь ойларида Ўзбекистонда давлат тузилмалари, соҳа уюшмалари ва хусусий сектор вакиллари иштирокида бир қатор тадбирлар ўтказилиши режалаштирилган бўлиб, унда Молдовада тўпланган амалий тажриба ва ечимларни маҳаллий шароитда қўллаш имкониятлари муҳокама қилинади.

Кейинги босқичнинг мақсади мева-сабзавот маҳсулотларини етиштириш, ҳосил йиғиб олингандан кейинги ишлов бериш ва маркетингда иқтисодий ҳамда экологик жиҳатдан барқарор амалиётларга ўтишни рағбатлантиришдир. Бу хўжаликларга сув, энергия, ўғит ва ўсимликларни ҳимоя қилиш воситаларидан янада самарали фойдаланиш, маҳсулот сифати ва хавфсизлигини ошириш, шунингдек, анъанавий сотув бозорига нисбатан юқори нарх сегментларига кириш мумкин бўлган талабчан мамлакатларга экспортни кенгайтиришга ёрдам беради.

Бундан ташқари, лойиҳа жамоаси кўриб чиқилган технологияларни жорий этиш Ўзбекистоннинг NDC 3.0 доирасида белгилаб олган улкан мақсадларига эришишга қай даражада ёрдам беришини ҳам намойиш этади. Бу маълумот аграр сиёсат соҳасидаги муаммоларни ечишда фойдали бўлиши мумкин.

Шундай экан, даромади юқори ва барқарор фаолият юритадиган хўжаликлар малакали меҳнат, турли хизматлар, сақлаш, қадоқлаш, логистика ва қайта ишлаш соҳаларига бўлган талабни оширади. Бу эса мева-сабзавот сектори рақобатбардошлигини тизимли равишда ошириш, қишлоқ ҳудудларида аҳоли даромади ва бандлиги имкониятларини кенгайтириш, фаровонлигини оширишнинг муҳим омилларидан бирига айланиши мумкин.

Сафар ҳақида

Ўқув сафари 2026 йил 15–19 июнь кунлари ФАО/ЕТТБнинг агроозиқ-овқат сектори иқлим ва экологик барқарорлиги ташаббуси доирасидаги 2.2.3-кичик компоненти – «Ўзбекистонда мева-сабзавот қиймат занжирини экологиклаштириш» лойиҳаси доирасида Молдова қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилари федерацияси (FARM) кўмагида ташкил этилди.

Қўшимча материаллар

EastFruit

Использование материалов сайта свободно при наличии прямой и открытой для поисковых систем гиперссылки на конкретную публикацию.

Основные новости и аналитика плодоовощного рынка на Facebook и в Telegram – Подписывайтесь!

Бу сизга ҳам қизиқ бўлиши мумкин

O‘zbekistonda meva-sabzavot yetishtirishning mamlakat ekologik holatiga ta’siri haqida 5 ta fakt

EastFruit

FAO O‘zbekiston meva-sabzavot sektorining ekologik izini baholadi: qaysi texnologiyalar suv va uglerod yo‘qotishlarini keskin kamaytirishi mumkin

EastFruit

Боғлар ва узумзорлар учун янгиланган Zilus агророботи тақдим этилди

EastFruit

Шарҳлар қолдиришингиз мумкин

This website uses “cookies” to improve your experience. You can instruct your browser to refuse all cookies or to indicate when a cookie is being sent. Accept Read More