Бош саҳифаРукнсизКлюква меваси: гектаридан 37 минг доллар ишлаб олиш мумкин бўлган резавор
Рукнсиз

Клюква меваси: гектаридан 37 минг доллар ишлаб олиш мумкин бўлган резавор

Клюквани ўрмонда тергандан кўра уни саноат миқёсида етиштириш кўпроқ даромад келтиради. Дунё бозорига клюква етказиб берувчи асосий мамлакатлар АҚШ ва Канада эканлиги ҳам шундан далолат беради. У ерларда йирик мевали клюквани саноат усулида, махсус далаларда етиштирадилар. Ҳосилни йиғиб олишдан аввал плантацияга сув қўйилади, реза мевалар сув юзасига қалқиб чиқади ва улар махсус техника билан териб олинади.

Россияда ҳам клюквани саноат усулида етиштираётган, бозорларга кафолатланган ҳажмларда етказиб бераётган корхоналар пайдо бўлди.

“Украина ҳам одатда ёввойи резаворлар етказиб беради ва клюква бозорида топ-10 таликка киради. Украинада ёввойи клюква етиштириладиган асосий жойлар: Карпат, Прикарпатье ва Полесье. Житомир областининг шимолидаги Полесьеда ўрмонлар ва ботқоқликлар анчагина. Бу жойларда қўзиқорин ва бошқа ёввойи резаворлар қаторида клюква ҳам жуда кўп. Бироқ, ўз табиий-иқлим шароити туфайли Украина ҳам бу суперфойдали резаворни истеъмолчиларга анча кўп миқдорда етказиб бериши мумкин. Бунда фермерлар ҳам йирик мевали клюквани саноат усулида етиштиришга эътибор қаратиши керак”, – дейди БМТ Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО)нинг халқаро консультанти Катерина Зверева.

Клюква етиштириш орқали қанча даромад олиш мумкин, истеъмолчилар учун унинг нимаси фойдали деган саволларга жавоблар, шунингдек, Россиядаги “Архангельская клюква” кооперативида ушбу резаворни етиштириш бўйича реал муваффақият намунаси тўғрисида EastFruitда ўқишингиз мумкин.

Нега клюква?

Клюква ёки ботқоқ узуми – арчагуллар оиласига мансуб доим яшил бўладиган, ёйилиб ўсувчи бута. Ҳозирги кунда бу дунёдаги энг фойдали реза мевалардан биридир. Клюква мевасида С, РР, К, В1, В2 витаминлари, кўплаб органик кислоталар, микро ва макроэлементлар, флавоноидлар, шакар, пектин, бўёқ, азот, тери ошловчи моддалар, фитонцидлар мавжуд.

Клюква меваси таркибидаги моддалар юрак қон-томир тизими учун фойдалидир. Уларни мунтазам равишда истеъмол қилиш томирларнинг деворларини мустаҳкамлаш, қонда холестирин миқдорини камайтиришга ёрдам бериб, тромблар ҳосил бўлишининг олдини олади.

Клюкванинг саноат усулидаги плантациялари – истиқболлар

АҚШда клюкванинг илк саноат усулидаги плантацияларини яратишга доир маълумотлар 1833 йилга бориб тақалади. Ушбу мевани етиштириш соҳаси клюква плантацияси одатий оилавий бизнес ҳисобланадиган давлатлар, айниқса, Шимолий Америка мамлакатларида жадал суръатлар билан ривожланиб бораётган бўлса-да, мазкур йўналиш жуда даромадли бўлиб қоляпти.

Юқори ҳосил олиш ва уни сотиш ёки мевасини қайта ишлашдан янада кўпроқ – ҳар гектаридан $37 минггача фойда кўриш имконияти сингари омиллар ҳам клюквани саноат усулида етиштиришга қизиқишни янада кучайтиради.

Дунё клюква бозорида АҚШ етакчи ўринни эгаллайди. Ҳар йили ушбу мамлакатда 250 минг тонна мева етиштирилади. Россияда эса клюквани саноат усулида етиштириш яқин-яқиндан бошланди. Илк плантациялар Ленинград ва Кострома областларида, шунингдек, Карелияда барпо қилинди. 2017 йилда Архангельск областида “Архангельская клюква” қишлоқ хўжалиги кооперативи иш бошлади ва бу йил улар илк ҳосилни териб олишди. Шундай қилиб, Россияда клюква етиштириш энди ривожланиш босқичида ва ҳозирча рақобат ҳам у қадар катта эмас.

Ушбу бизнес турига инвестициялар шундай – реза мевалар бозори иштирокчиларидан бирининг сўзларига қараганда, ҳар гектарига $100 минггача етиши мумкин. Ушбу суммага, хусусан, меваларни йиғиб-териб олиш ва қайта ишлаш учун махсус техника ва ускуналарни харид қилиш, ҳосилни сақлаш учун омборхона қуриш, мевани қайта ишлаш ва сақлаш жараёнини ташкиллаштириш харажатлари ҳам киради. Айни дамда, 5 гектарлик плантацияда инвестиция қилинган ҳар бир доллар учун $0,37 соф фойда олиш мумкин. Демак, юқорида кўрсатилган $100 минг/гектар инвестиция суммаси натижасида олинадиган даромад $37 минг/гектарни ташкил қилади.

Бироқ, клюквадан илк ҳосил 3 йилдан сўнг олинади. Буталар ҳосилдорлиги юқори даражада – 1 гектардан 11 000 тонна.

Етиштиришнинг ўзига хосликлари

Клюква “шўр” тупроқда яхши ўсади, кўпроқ намлик талаб қилади. Бунинг учун плантацияни юқоридан суғориш тизимига эга технологик ҳавза билан жиҳозлаш лозим. Бундан ташқари, клюква етиштириш жараёнида минерал ўғитларни ҳам талаб этади. Ўғит икки марта берилади: вегетатив давр бошида ва бута мевага киришидан кўпи билан икки ой аввал.

Кўчатларни ихтисослаштирилган питомниклардан сотиб олиш керак. Улар экилгач, йил давомида тупроқнинг ҳолатини доимий назорат қилиш лозим. У нам бўлмоғи керак.

Умуман олганда, клюквани “тўғридан-тўғри қаламча пайванд қилиш” деб аталувчи технология ёрдамида ҳам етиштирса бўлади. “Унинг моҳияти шундаки, тупдан кесиб олинган қаламчалар тўғридан-тўғри намланган тупроққа қадалади ва ўша ерда униб чиқади. Жорий йил июнь ойида биз мазкур технологияни ўз плантациямизда синовдан ўтказдик. У клюква бизнесида ўзига хос ноу-хау бўлиб, шу пайтгача Россияда клюква бундай тарзда экилмаган”, – дейди “Архангельская клюква” қишлоқ хўжалиги кооперативи бошқаруви аъзоси Кирилл Кононов.

Кирилл Кононовнинг сўзларига кўра, тўғридан-тўғри пайвандлаш технологиясида клюква қаламчаси тупроққа 10 см чуқурликда ботирилади. Кейин эса, мазкур усулда экилган плантация икки ҳафтага яқин плёнка билан ёпиб қўйилади. Айни пайтда плантациядаги сув миқдори доимий назорат қилинади. “Икки ҳафта ўтгач, қаламчалар илдиз тутгач, улар униб чиқади ва энди етилиш бошланади. Битта қаламчанинг нархи 7 рублей ($0,097) атрофида.  Хўжалигимизда бундай қаламчаларга эҳтиёж эса 175 миллион донани ташкил қилади”, дея клюква ишлаб чиқариш бўйича резаворлар бизнеси сирлари билан ўртоқлашди Кирилл Кононов.

“Архангельская клюква” қишлоқ хўжалиги кооперативи бошқаруви аъзосининг яна қўшимча қилишча, қишлоқ хўжалиги кооперативи ботқоқликда барпо этган ва унга Россия селекциясининг экин навларини эккан илк резаворлар плантацияси манба-тупзор бўлган. Экин ишлари учун ўн минглаб кўчатларни “Архангельская клюква” айнан шу ердан олади. Бунда, махсус жўяклар ирригация тизими билан жиҳозланган бўлиб, натижада клюква яхши ривожланиши учун қулай шароит муҳайё қилинган.

Клюква июнь ойида гуллайди. Тўпгуллар ўтган йилги шоҳларнинг учида, узун новдаларда жойлашган. Битта новдада 4 тагача тўпгул ҳосил бўлади. Клюква меваларининг диаметри 12 мм гача, махсус етиштирилган навларда эса 20 мм гача етиши мумкин.

Клюква: сархил мева ва қайта ишланган мева

Клюквага истеъмол эҳтиёжи етарли даражада кенг.

Клюквадан шарбат ва соус сингари маҳсулотлар тайёрланади. Бундан ташқари, унинг меваси янги узилган, қуритилган ва консерваланган ҳолатда истеъмол қилинади.

Клюква соуси Америка ва Канада шукрона куни ҳамда Европадаги қишки фестивалларнинг ажралмас анъанасига айланиб улгурган.

Клюква қондаги эркин радикалларга қарши кучли доривор (антиоксидант) ва пешоб ҳайдовчи йўллардаги инфекцияларни даволаш воситаси деб ҳисобловчи инсонлар унинг шарбатини мунтазам равишда ичади.

Россиянинг онлайн савдо майдончаларида янги пишган клюкванинг улгуржи баҳоси тахминан 200 руб./кг ($2,77)ни ташкил қилади. Клюква шарбати 224 руб./0,5 л ($3,10) нархда сотилади.

Украинанинг онлайн савдо майдончаларида янги пишган клюквадан ташқари, унинг қуритилган мевалари ҳам таклиф қилинади. Унинг 500 граммлик пакети 90 гривен ($3,41) атрофида. 236 грн/0,5 л ($8,94) нархда клюква шарбати ҳам таклиф этилмоқда.

Шуни қайд этиш жоизки, клюквани саноат усулида етиштириш катта инвестициялар талаб қилади. Шунда деҳқон кичикроқ мева плантацияларидан ҳам юқори даромад олиши мумкин. Бироқ, етарлича маблағ бўлмаган тақдирда, бир неча фермерларнинг клюква етиштирувчи кооперативга бирлашиши даромадли бизнес яратиш учун вазиятнинг ечими бўла олади. Шу тариқа, нафақат молиявий маблағлар, балки бизнесни ривожлантириш бўйича ғоялар ҳам бирлашади.

EastFruit

Ушбу сайтдаги мақолаларни бошқа манбаларда чоп этиш ва улардан бошқа шаклларда фойдаланишга фақат мазкур материалга тўғридан-тўғри ва қидирув тизимлари учун очиқ бўлган гиперҳавола берилсагина рухсат этилади.

Facebook ва Telegram да мева-сабзавот бозорининг асосий янгиликлари ва таҳлиллар – Обуна бўлинг!

Бу сизга ҳам қизиқ бўлиши мумкин

Боғлар ва узумзорлар учун янгиланган Zilus агророботи тақдим этилди

EastFruit

«HortiТеch: мева-сабзавот бизнесидаги энг замонавий рақамли технологиялар – Ўзбекистон учун имкониятлар» мавзуидаги конференция видеоси EastFruit’да!

EastFruit

Ер ости томчилатиб суғориш усули Ўзбекистон агробизнесини тубдан ўзгартириши мумкин

Andriy Yarmak

1 comment

Narmatovmirzabek 26 Окт 21 at 06:32

Klyikva mevasini O’zbekistondan han topsa bóladimi

Reply

Шарҳлар қолдиришингиз мумкин